Жорий йилда Тошкент вилоятида 516 километр халқаро аҳамиятдаги автомагистраль ҳамда ички йўлларни таъмирлаш белгиланган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тошкент тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ҳудуддаги 121 километр автомобиль йўлларига хизмат кўрсатади. Корхона томонидан белгиланган режага кўра, йўлларда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Қиш мавсуми олдидан жойларда ўтказилган текширувларда автомобиль йўлларининг носоз ҳолатга келиши, қишда сирпанчиқ пайдо бўлишининг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилди.
Оҳанганрон туманида автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Тумандаги «Ялпоқтепа», «Нўғойқўрғон», «Ақчасой» маҳалла фуқаролар йиғинлари йўлларини таъмирлашга 167 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Ўндан ортиқ маҳалладаги ички йўлларда лойиҳа қиймати 915 миллион сўмлик асфальт ётқизиш ишлари амалга оширилмоқда.
«Тошкент – Ўш» автомобиль йўлининг туман ҳудудидан ўтувчи 42 километр масофадаги қисмида жорий таъмирлаш ишлари жадал давом этмоқда. Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида туман ва шаҳарларда олиб борилаётган жорий таъмирлаш ишлари Республика йўл жамғармаси ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди.
Вилоятда бу йўналишда келгуси йилда ҳам истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. Йўл хўжалиги соҳасининг ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан юксак аҳамиятга эга экани унинг муҳим хусусиятидир. Иқтисодиётнинг умумий ривожи ва аҳоли барча қатламларининг ҳаёт сифати айни шу тизимнинг самарали фаолият кўрсатишига боғлиқ.
Изоҳ (0)