Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Азиз Асимов ёшлар ўртасидаги Осиё Чемпионатининг саралашидан жой олган Қатар — Ироқ беллашувини бошқариб боргани ҳақидаги хабар «Дарё»да кўриниш берганди. Кейинроқ мазкур ўйин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Ўзбекистонлик рефери Азиз Асимов бошқарган ўйинда дарвозани қўриқлаган қатарлик ярим ҳимоячи пенальтини қайтарди
Доҳада ўтган саралаш ўйинларида қизиқ ҳолат юзага келган. 3 та терма жой олган гуруҳда Қатар ҳам, Ироқ ҳам Ливан устидан 2:0 ҳисобида зафар қучган. Уларнинг ўзаро ўйини Азиз Асимовга ишониб топширилган ва беллашув 1:1 ҳисоби билан якунига етган.Очколар ва бошқа кўрсаткичлар тенг келиб қолгани важидан, гуруҳ ғолибини аниқлаш учун Азиз Асимовдан пенальтилар сериясига мурожаат қилиш талаб этиларди. Бу шунинг учун ҳам кераклики, гуруҳ ўйинлари якунига кўра пешқадамлар ОЧ U19 га йўл олиши ва фақатгина 5 та 2-ўрин эгалари улар сафига қўшилиши керак эди. Якунда ҳар икки термага ҳам Осиё Чемпионати йўлланмаси насиб қилди.
Бироқ гуруҳ ғолибини пенальтилар сериясида аниқлаш жараёни анча қизиқ ҳолатларни келтириб чиқарди. Қатарнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етган серия давомида дарвозабон Шеҳаб Мамдуҳ пенальтилардан бирини қайтарди ва буни футболкасини ечиб нишонлади. Азиз Асимов унга айнан шу ҳаракати учун иккинчи сариқ карточкани кўрсатиб, майдондан четлатган. Шу боисдан дарвозани Қатар сардори Носир Абдулсалом Ал-Аҳрак эгаллаган.
Бу ҳолат бир қатор ОАВларда турлича янгради. «Championat.asia» сайти дарвозабон тўпни қайтаришда чизиқдан эрта чиққани учун қизил карточка олди, деб ёзди. Шунингдек, Soccer Bloger, Yahoo ва ОФКнинг расмий сайти ҳам бу фикрни такрорлади. «Дарё» ҳам шунинг асосида хабар жойлаштирди.
Бизга маълум қилинишича, дарвозабон чизиқни кесиб ўтиб, зарбани қайтарса — зарба қайтадан тепилиши керак. Дарвозабон чиқизни кесиб ўтганида зарба голга айланса, у инобатга олинади. Бироқ Азиз Асимов дарвозабонни бу сабаб билан эмас, айнан футболкани ечгани учун айбдор деб топган. Мухлисларга сир эмаски, голни бу ҳолда нишонлаш 100 фоизлик сариқ карточка деганидир.
Бундан келиб чиқадики, Асимов барча ишни тўғри бажарган. Бу борада у ФИФА қоидаларини бузмаган. Ўз навбатида «Дарё» ҳам мазкур ўйин юзасидан ўзбекистонлик футбол ҳакамини айбламаган ва қарорларини хато деб билмаган. Шунчаки, турли манбалар турлича кўрсатма бергач, ОФК сайтига таянган. Бунда Асимовнинг қарори аслида қандай экани муҳокама қилинмаган.
Юзага келган тушунмовчилик учун «Дарё» ўз ўқувчиларидан узр сўрайди. Келгусида 3 та эмас, янада кўпроқ манбалар ўрганиб чиқилиши кераклиги бунда кўринди.
Ҳа, айтганча, ОФК сайти билан боғлиқ яна бир жиҳат бор. Айнан шу саралаш циклининг Ўзбекистон жой олган гуруҳида Бангладеш термаси Малдив устидан минимал ҳисобда зафар қучганди. Сайт эса бунда ғалаба Малдив томонида деб кўрсатгани ўзбекистонлик футбол журналистлари томонидан муҳокама қилинганди.
Мана бу ҳаволада эса Қатар гуруҳ пешқадамига айланган бўлса-да, ҳали ҳам Ироқ 1-ўринда эканини кўриш мумкин.
Демак, ОФК тақдим этган маълумот эмас, «Дарё»га берилган маълумот тўғрироқ. Вазиятга ойдинлик киритиш учун «Дарё» Азиз Асимовнинг Тошкентга қайтишини кутади ва у билан алоҳида боғланиб, вазиятга тушунтириш беришни сўрайди.
Изоҳ (0)