Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари минтақавий иқтисодиётининг истиқболлари ҳақидаги ҳисоботни эълон қилди. Тошкентда ҳисоботни ХВЖ Яқин Шарқ ва Марказий Осиё департаменти директори ўринбосари Юха Кахконен тақдим этди, деб хабар беради Uz24.
Жамғарма Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари иқтисодий ўсиши жорий йилда ўртача 3,6 фоизни, кейинги йил эса 3,7 фоизни ташкил этишини башорат қилди. Ўзбекистон ЯИМ ўсиши эса 2017 ва 2018 йилларда 6 фоизга тенг бўлади.
Ҳисоботда таъкидланишича, ЯИМ ўсиши иқтисодиётнинг кенг миқёсда ислоҳ этилиши билан боғлиқ. Стратегик структур ўзгаришлар амалга ошириш, бизнес муҳитини яхшилаш, валюта бозорини либераллаштириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва савдо интеграциясини чуқурлаштириш борасида ташланаётган қадамлар башорат қилинган даража янада ўсишини таъминлаши мумкин.
ХВЖ минтақа мамлакатларига давлат ресурсларидан янада самарали фойдаланишни — давлат маблағларини самарали тақсимлашни, солиқ имтиёзларини қисқартиши ва солиқ тизимини такомиллаштириш йўли билан янги даромад манбаларини топишни тавсия қилди.
Изоҳ (0)