Ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Қудратилло Абдуқаҳҳоров 18 ноябрь куни Лас-Вегасда ҳисоб бўйича ўзининг 13-жангини ўтказиши керак эди. Бироқ у виза муаммоси сабаб Ўзбекистонга қайтиши ҳақида айтди.
«Оламспорт» нашрининг ойдинлик киритишича, WBC Silver чемпионлик камари соҳиби бўлган Абдуқаҳҳоров 18 ноябрь куни Андижонда рингга кўтарилади. Бунда унинг рақиби ўзбекистонлик бошқа бир боксчи Шерзод Алимжонов бўлиши айтилган. Бу рейтинги жанги мақомида бўлади.Режага кўра, Қудратилло декабрь ойида яна АҚШга жўнаб кетади. У январь ойида чемпионлик камари учун рингга кўтарилиши керак. Чарм қўлқоп устаси айни пайтда WBC йўналишининг ўз вазн тоифасида жаҳоннинг 5-рақамли боксчиси бўлиб турибди.
66,7 килограмм вазн тоифасида жанглар ўтказиб келаётган Абдуқаҳҳоров мураббий Илгар Алиев қўл остида Филиппин пойтахти Манилада машғулот ўтказганди. Айтилишича, чемпионлик камари учун фақатгина 1 та жанг қолган. Бу йўлда спортчи яна бир рейтинг жангида зафар қучиши керак.
Қудратилло Абдуқаҳҳоров ҳозирга қадар профессионал рингда 12 та жанг ўтказган бўлиб, уларнинг барчасида рақибларини мағлуб этган. 8 та жангида нокаут билан зафар қучган.
Изоҳ (0)