11 ноябрь куни қўл жанги спорт тури бўйича Ўзбекистоннинг энг олди уч вакили рейтинг жангларини ўтказади. Бу ҳақда мусобақа ташкилотчилари «Дарё»га маълум қилди.
Иқбол Худойқулов -70 килограмм вазн тоифасида татамига чиқса, -85 килограммда Бекзод Нурматов ва -90 килограммда Музаффар Ражабов халқаро жанг ўтказади. Мазкур спортчиларнинг бўлажак рақиблари яқин кунлар ичида аниқ бўлади.
Рейтинг жанглари қўл жанги бўйича Осиё Чемпионати доирасида бўлиб ўтади. Тошкент 10—12 ноябрь кунлари айнан қитъа чемпионатига ҳам мезбонлик қилади. Дастлабки икки кун давомида саралаш беллашувлари ўтказилса, учинчи кун чемпионатнинг финал жанглари бўлиб ўтади.
Юқоридаги уч спортчи Осиё Чемпионатидан ташқари жанг ўтказади. Қитъа биринчилигида эса эркаклар 9 ва аёллар 8 вазн тоифасида ўз омадини синаб кўради. Мезбон сифатида Ўзбекистон терма жамоаси унда 2 та таркиб билан иштирок этишни режалаштирган. Шу тариқа жами 34 нафар ўзбекистонлик спортчи Осиёни забт этиш пайида бўлади.
Осиё Чемпионатига Халқаро қўл жанги федерацияси президенти Сергей Астахов, машҳур промоутер Владимир Хрюнов расмий меҳмон сифатида ташриф буюради. Жанглар «Ўзбекистон» спорт мажмуасида ўтади.
Изоҳ (0)