23 октябрдан 1 ноябрга қадар Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги длелегацияси АҚШда бўлди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлигида ўтказилган икки томонлама учрашув ва музокараларда Ўзбекистон томони инновацион ва амалий қишлоқ хўжалиги фани йўналиши бўйича ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратда. Шунингдек, бошқа йўналишдаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ахборотига кўра, Мичиган ва Огайо штатлари университетларига ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ОТМлар даражасидаги ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борган, университетлар фаолияти билан, шу жумладан, ахборот-консултация марказлари, ўқув дастурлари, тадқиқий имкониятлар ва илмий база билан батафсил танишган.
Музокаралар якунларига кўра Мичиган штати университети ва Тошкент давлат аграр университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизацияси институти, Андижон ва Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтлари билан англашув меморандумлари имзоланди.
Делегация, шунингдек, «Халқаро таълим бўйича АҚШ кенгашлари» (ACIE) билан музокаралар ўтказиб, унинг давомида ташкилотнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка бўлган қизиқишини қайд қилди.
Изоҳ (0)