Ўзбекистон Президенти 1 ноябрь куни «Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилди.
Ҳужжатга келтирилган шарҳларда айтилишича, давлат раҳбарининг академиклар ва илм-фан зиёлилари билан 2016 йилнинг декабрида ўтказган учрашуви, шунингдек, 2017 йил 17 февралда «Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2789-сонли қарорининг қабул қилиниши республикада илмий-техник фаолиятни ривожлантиришда кенг кўламдаги тизимли ўзгаришларни амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўтган давр мобайнида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган 35 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Ўзбекистон Президентининг саккизта фармони ва саккизта қарори қабул қилинди. Фанлар академияси таркибидаги тўққизта илмий-тадқиқот институти қайта тикланди, қатор илмий муассасалар қайта тузилди, Фанлар академиясининг фан йўналишлари бўйича учта бўлими ва Навоий бўлими ташкил этилди. Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши, Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси, Фан ва технологиялар агентлиги, Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси фаолияти ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг янги ҳақиқий аъзолари (академиклари)нинг сайлови бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бир қаторда, сир эмаски, илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий-техник салоҳияти, кадрлар билан таъминланганлиги, моддий-техника, лаборатория ва тажриба базасининг ҳозирги ҳолати мамлакатнинг юқори суръатлардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасига жавоб бермайди. Илм-фан рақобатбардошлигини ошириш ва уни дунёнинг энг ривожланган давлатлари илм-фани даражасига мослигини таъминлаш масалалари кескинлигини сақлаб қолмоқда. Илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини молиялаштириш тизимида ҳал қилиниши лозим бўлган айрим муаммолар ўз ечимини кутмоқда.
Ушбу соҳада тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, моддий-техника ва лаборатория-тажриба базасини мустаҳкамлаш, инновацион фаолиятни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида Ўзбекистон Президентининг «Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан фан ва инновация соҳасида олтитата устувор йўналиш бўйича қирқдан ортиқ тадбирларни ўз ичига олган 2017–2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Иқтидорли ёшларни илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб қилиш учун зарур шароитларни таъминлаш мақсадида, докторантурада ўқиш учун мақсадли квоталарни ажратиш амалиётини жорий қилиш чоралари назарда тутилган, ҳамда илмий кадрларнинг академик мобиллигини ошириш ва уларнинг илмий ютуқларини қўллаб-қувватлаш механизмларини кучайтириш белгиланган.
Шунингдек, илмий фаолият ҳамда таълим жараёни интеграциялашувини янада чуқурлаштириш бўйича мақсадли чораларни амалга ошириш, бунда илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ходим ва мутахассисларини олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёнига кенг жалб қилиш, магистрлик диссертацияларининг дастлабки ҳимоясини амалиёт ўталган муассасаларда ўтказиш тартибини жорий этиш кўзда тутилган.
Амалий чораларнинг яна бир муҳим йўналиши, республика илмий муассасаларида олиб борилаётган тадқиқотлар савиясини юксалтиришга, уларни халқаро талабларга кўра илмий халқаро базалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Илмий-тадқиқот муассасаларида мавжуд ҳамда янги тузилаётган илмий лабораториялар илмий салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан илмий ва лаборатория ускуналаридан биргаликда фойдаланиш механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари назарда тутилган.
Қарорга мувофиқ, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб гуманитар ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга илмий-тадқиқот муассасаларининг бино ва иншоотларини сақлаш, шунингдек, уларнинг айрим тоифадаги ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштириш асосида амалга оширилади.
Мазкур қарор билан режалаштирилган тадбирлар доирасида 30 дан ортиқ илмий-тадқиқот муассасаларида таъмирлаш-қайта тиклаш ишлари, 40 та илмий-тадқиқот муассасасини замонавий илмий лабораториялар, асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминлаш режалаштирилган. Бунда, лабораторияларни сарфланувчи материаллар ва реактивлар билан узлуксиз таъминлашга сарфланадиган харажатлар алоҳида назарда тутилган.
Умумий қийматда 2018–2021 йилларда Фанлар академияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат ветеринария қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги илмий-тадқиқот муассасалари бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 116 миллиард сўмдан зиёд, замонавий илмий ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш, зарур материаллар ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш учун 32,2 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)