Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси қарорига кўра, Бухоронинг «Нурафшон» футбол клуби мамлакат Биринчи Лигаси ўйинларидан четлаштирилди.
«Нурафшон» чемпионатнинг 27-турини ўтказиш учун «НБУ-Осиё»га қарши ўйин вақтида пойтахт Тошкентга етиб кела олмаган бўлиб, ПФЛ сентябрнинг сўнггида жамоага техник мағлубият ёзган ва бу ҳол такрорланса, клуб лигадан четлаштирилишини айтганди. Шунингдек, жамоа миқдори кўрсатилмаган моддий жаримага ҳам тортилганди.
Ўзбекистон футболида меҳмон жамоа мезбон майдонига кела олмади ва техник мағлубиятга учради
Шунга қарамай, бухороликлар 35-турдан жой олган «Норин» клубига қарши ўйинга ҳам кела олмаган. Бунинг кетидан жамоа директори Д. Каримов ПФЛга молиявий етишмовчиликлар борасида мактуб йўллаган. Мана шу сабабларни инобатга олган ташкилот «Нурафшон»га чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйган.Регламентга кўра, «Нурафшон» тақвимдаги ўйинларнинг ярмидан кўпини ўтказиб бўлгани учун, унинг бунгача бўлган ўйинларидаги натижалари турнир жадвали учун таъсирли бўлади. Унинг бўлажак рақибларига эса техник ғалаба ёзилиб, 3 очкодан берилади.
Аввалроқ ПФЛ ўз регламентларига амал қилмай, Олий Лига клубларини бирданига 12 тага етказиш қарорига келган, ундан олдинроқ эса ўзи амал қилмайдиган регламент асосида Тошкентнинг «Обод» клубини Олий Лига ўйинларидан четлаштирганди.
Изоҳ (0)