Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирокида 30 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2017 йилги терим мавсумида пахта ҳосилига қўшиб ёзиш ҳолатлари муҳокама қилинган.

Аввалроқ, 30 октябрь куни айнан шу сабаб билан Жиззах ва Тошкент вилоятлари ҳокимлари лавозимидан озод қилингани маълум қилинган эди. Бундан ташқари, ҳар иккала вилоят прокурорлари ҳам ишдан кетган.

«Дарё» манбаси тақдим этган ахборотга кўра, қўшиб ёзиш ҳолатлари бошқа ҳудудларда, хусусан, 2017 йилги пахта режасини биринчилардан бажаргани хабар қилинган Хоразм вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятида ҳам қайд этилган.

Хоразм вилояти пахтакорлари белгиланган 250 400 тонналик режани 13 октябрь куни бажариб бўлгани, бунинг шарафига вилоят деҳқонлари 15 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «икки карра қаҳрамон» дея олқишлангани ҳақида хабар берилган эди.

Пахта теримининг 28 октябрь кунги ҳолати бўйича ҳисоботда ҳам Хоразм вилояти шартнома режасини 106,01 фоизга (265 442 минг тоннага) бажариб, ҳудудлар орасида пешқадам бўлиб тургани маълум қилинган эди. Бироқ, қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланиб, улар ҳисобдан чиқарилгач, Хоразм вилояти пахта режасини 30 октябрь ҳолатига кўра фақат 93,52 фоизга (234 182 тонна) бажаргани маълум бўлди; вилоят бу кўрсаткич бўйича республика ҳудудлари орасида 5-ўринга тушиб кетди.

Қорақалпоғистон Республикасининг кўрсаткичи, қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқлангунига қадар, 28 октябрь ҳолатига кўра — 193 050 тонна (186 200 тонналик режа 103,68 фоизга бажарилган) эди. Бироқ 30 октябрдаги ҳисоботда Қорақалпоғистон режани бажариши учун ҳали яна 2 минг тонна пахта териши кераклиги кўрсатилган.

Аввалроқ пахта режасини учинчи бўлиб бажаргани айтилган Навоий вилояти қўшиб ёзилган рақамлар чиқариб ташлангач ҳам «финиш арафасида» учинчи бўлиб турибди — 28 октябрь ҳолатига кўра вилоят режани 954 тонна ортиғи билан бажариб бўлган эди, бироқ энди, 30 октябрь ҳолати бўйича, яна 2 355 тонна пахта териш керак.

30 октябрдаги кўрсаткичлари 28 октябрдаги натижаларидан сезиларли камайиб қолган ҳудудлар орасида, Хоразм (-31 минг тонна фарқ), Қорақалпоғистон (-8,8), Навоий (-3,3)дан ташқари, Бухоро (-19,5), Андижон (-12), Сурхондарё (-2,1), Жиззах (-11,2) ва Тошкент (-23) вилоятлари ҳам бор.

Қайд этилганидек, қўшиб ёзиш ҳолатларига йўл қўйгани учун, Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳокимлари ишдан олинди. Қолган ҳудудларнинг раҳбарларига нисбатан қандай чора кўрилгани ёки кўрилиши ҳақида ҳозирча расмий ахборот йўқ.