30 октябрь куни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Самарқанд – Истанбул – Самарқанд мунтазам ҳаво йўналишини ишга туширди. Икки мамлакат авиайўловчилари орасидаги катта талабни инобатга олган ҳолда, 16 ноябрдан бошлаб бу йўналиш бўйича рейслар фақат душанба эмас, чоршанба кунлари ҳам амалга оширилади.
Ўзбекистон Президентининг Туркияга давлат ташрифи чоғида таъкидланганидек, Самарқанд ва Истанбул шаҳарлари орасида рейсларнинг очилиши бўйича келишувга эришилгани икки томоннинг фуқаролик авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириб боришга тайёрлигини кўрсатади.
Янги йўналиш авиачипталари дарҳол сотилиб кетди, бу Туркияга парвозларга бўлган талаб юқорилигини кўрсатмоқда. Бу Самарқанд вилояти аҳолисига чинакам совға бўлди — энди улар Истанбулга учиш учун Тошкентга бориши шарт эмас. Илгари Самарқанддан Тошкентга боришга кетган вақт ичида Истанбулга етиб олиш мумкин.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг Boeing 757 лайнерини бортидаги 177 йўловчи билан «Самарқанд» халқаро аэропортидан тантанали тарзда кузатишди.
Ўзбекистон ва Туркия туризм соҳасида улкан имкониятларга эга. Бу салоҳиятнинг тўлиқ рўёбга чиқарилиши, туристик алмашувнинг кучайтирилиши катта иқтисодий самара беради.
Самарқанд – Истанбул рейслари Boeing ва Airbus самолётларида қуйидаги график бўйича амалга оширилади:
Душанба кунлари:
HY 275 Самарқанд – Истанбул: Самарқанддан учиш — 20:00, Истанбулга етиб келиш — 23:00;
HY 276 Истанбул – Самарқанд: Истанбулдан учиш — 00:30 (+1), Самарқандга етиб келиш — 06:45.
Чоршанба кунлари:
HY-275 Самарқанд – Истанбул: Самарқанддан учиш — 18:55, Истанбулга етиб келиш — 20:55;
HY-276 Истанбул – Самарқанд: Истанбулдан учиш — 22:25, Самарқандга етиб келиш — 05:40 (+1).
Тошкент – Истанбул рейслари сони ўзгаришсиз қолади.
Изоҳ (0)