Вазирлар Маҳкамасининг 19 ноябрдаги 852-сон қарори билан Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш департаменти тўғрисидаги низом, унинг тузилмаси, ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари тасдиқланди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш департаменти Президентнинг 20 июлдаги ПҚ–3142-сон қарори билан тузилган эди.
Давлат бюджети маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар департамент фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади. Департаментнинг мол-мулки оператив бошқариш ҳуқуқи билан унга бириктирилган мол-мулк ҳисобига шакллантирилади. Молия вазирлиги департаментга тўртта автотранспорт воситасини (битта енгил ва учта махсус (йўлтанламас) автотранспорт воситаси) сақлаш учун лимит ажратади.
Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон туманлари ҳокимликларига қуйидагилар топширилди:
- бир ой муддатда департамент ҳудудий бўлинмалари тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари биноларида жойлаштирилиши;
- Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг тавсиясига кўра белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларига туристик йўналишлар ва асосий йўл ёкаларида йўлбўйи туристик инфратузилма объектлари қуриш учун (ҳукумат томонидан тасдиқланган рўйхатга асосан) кейинчалик улар таркибида ахборот марказларини бепул жойлаштириш шарти билан ер майдонлари ажратиш.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига уч ой муддатда йўлбўйи туристик инфратузилма объектларига қўйиладиган ҳамда туристлар учун барча зарур қулайликлар мажбурий бўлишини назарда тутадиган намунавий талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.
Тошкент вилояти ҳокимлигига Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда департамент ходимларининг штатлар жадвалини белгиланган тартибда тасдиқлаш ва малакали кадрлар билан бутлаш топширилди. Тошкент вилояти ҳокимига, зарурат бўлганда, департамент тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий штатдаги сони доирасида ўзгартиришлар киритиш хуқуқи берилди. Ўзгаришларни Вазирлар Маҳкамасининг маданият, санъат ва туризмни ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти билан келишиш даркор.
Департамент тўғрисидаги низомда унинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилаб берилган. Департамент Тошкент вилояти ҳокимлигининг таркибий бўлинмаси ҳисобланганига қарамасдан, у юридик шахс ҳисобланади. Мувофиқ равишда у давлат герби тасвири туширилган ҳамда ўз номи ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, банк (хусусан, хорижий валютадаги) ҳисоб рақамларига ва шахсий ғазна ҳисобварақларига эга.
Департаментни Тошкент вилояти ҳокими томонидан АТД билан келишган ҳолда тайинланган директор бошқаради.
Изоҳ (0)