Американинг премиум-класс товарларга ихтисослашган нуфузли универмаги Neiman Marcus энг ғайриодатий ва қимматбаҳо совғаларнинг навбатдаги «Рождество каталоги»ни чиқарди, деб ёзади InsiderPro нашри.
Каталогнинг энг қизиқарли бўлимларидан бири — «Фантазия чегараси» бўлими бўлиб, унда ҳамма нарсаси бор мультимиллионерларга ноёб ҳашамат буюмлари, минг, ҳатто миллион долларлик йўлланма ва таассуротлар таклиф қилинади.
Хўш 2017 йил каталогига нималар киритилган?
«Сувга айирбошланадиган қоғоз» оригами
Нархи: бир буюм учун 50 доллар, 250 та буюм учун 50 минг доллар
Ушбу хайрия ҳадялари тоза сув етишмайдиган жойларда қудуқлар қуришни молиялаштирадиган нотижорат ташкилот томонидан тақдим этилган. Даромаднинг 100 фоизи Paper For Wаter нотижорат ташкилоти фойдасига кетади.
Маdamе Alexander қўғирчоқлари ва KidKraft қўғирчоқ уйи
Нархи: 8 минг доллар
Декабрь ойида Маdamе Alexander маркасидаги саккизта қўғирчоқ ва KidKraft’дан Grand Аnniversary қўғирчоқ уйини оласиз. Кейинги йил давомида сизга яна 11 та қўғирчоқ, келгуси йил ноябрида эса бонус — шахсан сиз учун тайёрланган қўғирчоқни юборишади.
Индивидуал дизайндаги Olympia Le-Tan сумкалари ва Парижга саёҳат
Нархи: 25 минг доллар
Машҳур дизайнер шахсан сиз учун олтита сумка яратади. Бундан ташқари, Парижга уч кунлик саёҳат ҳам совға ичига киради.
Грей Малин билан ҳаво саргузашти
Нархи: 35 минг доллар
Совға икки киши учун Лос-Анжелес бўйлаб вертолётда бир соатлик парвозни ўз ичига олади. Бонус: машҳур фотограф Грей Малин сиз билан бирга саёҳатга йўл олади. Икки кеча меҳмонхонада тунаш ҳам юқоридаги қиймат ичида.
Sisley француз косметика компанияси штаб-квартираси бўйлаб экскурсия (плюс бренднинг 8 минг долларлик маҳсулоти)
Нархи: 60 минг доллар
Совға Парижга уч кунлик сафар, спа-салонга ташриф, d’Оrnanо оиласи аъзоларидан бири билан учрашув ва саккиз минг долларлик Sisley маҳсулотлари тўпламини ўз ичига олади.
Armand dе Brignas’да дегустация ва ўз шапман виносини яратиш
Нархи: 150 минг доллар
Бу саёҳат Armand dе Brignas виночилик корхонасига тўрт кишилик ташриф бўлиб, у ерда сизни муассаса токзорлари ва ертўлалари билан таништиришади. Шундан сўнг ўз шампан винонгизни яратишни таклиф қилишади. Шунингдек, Парижга биринчи классда парвоз, Шампан провинциясигача вертолёт, L’Assiette Champenoise ресторанида кечки таом ва Chаtеаu Dоmаine Lеs Crаyеrеs бутик-меҳмонхонасида тунаш совға қийматига киради.
Машҳур гольфчи Жим Фурик билан Райдер кубоги
Нархи: 250 минг доллар
Тўрт киши АҚШнинг гольф бўйича термаси капитани Жим Фурикнинг Райдер кубогида иштирок этиши мумкин. Совға биринчи класс авиачипталари, машиналар, ҳашаматли меҳмонхоналарда хоналар, кечки овқатлар, шахсий консерж, Райдер кубогига чипталар ва Фурик билан мулоқотни ўз ичига олади.
Стивен Вебстер билан маҳорат дарси ва 7,2 каратли шахсий зумрад
Нархи: 300 минг доллар
Ушбу совға Замбияга, зумрад ишлаб чиқарувчи энг йирик дунёвий компания конига ташриф буюриш, шунингдек, Анантара тармоғининг Тhе Royal Livingstone меҳмонхонасида икки кунни кўзда тутади. Шундан сўнг Лондонда Стивен Вебстер билан 7,2 карат оғирликдаги шахсий зумрадингизни яратиш ҳамда уста ва унинг рафиқаси билан тушлик қилиш имконига эга бўласиз.
Rolls-Royce’нинг чекланган сериядаги бир жуфт автомобили
Нархи: 439 625 доллар (мовийси) ва 445 750 доллар (тўқ сариқ ранги)
Ҳақиқатда ҳашаматли совға — Rolls-Royce’нинг V12 двигателли қўлда терилган икки автомобили. Қопламаси қўлда тикилган, радиатори кумуш ранг панжарали.
Таймс-сквердаги Knickerbocker меҳмонхонасида янги йил
Нархи: 1 600 000 доллар
Таймс-скверда том устидаги 300 кишилик янги йил базми — каталогдаги энг қиммат совға. Меҳмонхонанинг 150 та хонаси икки кечага банд қилинган. Бундан ташқари, базм учун керакли барча нарсалар, ичимликлар, кечки таом ва диджей ҳам пакет ичига киради.
Изоҳ (0)