Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабарти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади. Унинг матни ЎзАда келтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби ОлийларигаМуҳтарам Президент жаноблари!
Кеча Европа тикланиш ва тараққиёт банки Директорлар кенгаши Ўзбекистон учун илк икки лойиҳани бир овоздан тасдиқлаганини Сизга маълум қилишдан ғоятда мамнунман. Бу Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичида муҳим воқеа бўлди. Дарҳақиқат, жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида Сиз билан бўлиб ўтган учрашув ва Ўзбекистон ҳукумати билан Англашув меморандуми имзоланганидан сўнг банкимиз вакиллари тезкорлик билан қатор сармоявий лойиҳалар ишлаб чиқишга муваффақ бўлгани мени қувонтиради. Ишончим комилки, бу ЕТТБнинг Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорликдан манфаатдор экани ва банкимиз Сизнинг ташаббусингиз билан амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашининг ишончли тасдиғидир.
Юқорида зикр этилган икки лойиҳа кичик ва ўрта бизнес, савдони молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Миллий банкига ажратиладиган 100 миллион доллар қийматидаги кредит линияси, шунингдек, мева шарбати ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Агромир» хусусий компаниясига ажратиладиган 10 миллион долларлик заёмдан иборатдир. Ҳар икки лойиҳа Сиз ва ҳукуматингиз билан келишилган устувор йўналишларга тўла мос келади. Ушбу лойиҳалар банк тармоғи, кичик ва ўрта тадбиркорлик, агробизнесни мустаҳкамлаш орқали мамлакат иқтисодий тараққиётига салмоқли ҳисса қўшади. Ҳозирги вақтда мутахассисларимиз молия, қишлоқ хўжалиги ва саноат тармоқларида, шунингдек, жойлардаги инфратузилмани ривожлантириш бўйича кўплаб қўшимча сармоявий лойиҳалар ишлаб чиқмоқда. Биз «Кичик бизнес учун маслаҳатлар» дастурини ҳам ишга туширдик. Ушбу дастур доирасида биринчи лойиҳалар бошлаб юборилган. Бундан ташқари, мамлакатингиз билан Ҳамкорлик стратегиясининг дастлабки ишланмаларини якунлаш арафасидамиз. Стратегия бўйича делегациямиз ЕТТБнинг Ўзбекистондаги узоқ истиқболга мўлжалланган фаолиятининг устувор йўналишларини келишиб олиш учун келаси йил бошида ҳукуматингиз вакиллари билан учрашишига умид қиламиз.
Мамлакатингизда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор билдиришни истардим. Бу ЕТТБ биринчи вице-президенти Фил Беннетт ва таваккалчиликлар бўйича вице-президент Бетси Нельсоннинг ноябрь ойи бошида Тошкентга бўлажак ташрифи давомида ҳам ўз ифодасини топади. Ушбу ташриф доирасида вакилларимиз ЕТТБнинг Тошкентдаги ваколатхонасини расмий равишда очади, ҳукуматингиз вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказади, шунингдек, 10–11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиёда хавфсизлик ва изчил тараққиёт масалалари бўйича олий даражадаги халқаро конференцияда иштирок этади.
Сўзим охирида Сизнинг раҳнамолигингизда Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорлигимиз ривожланаётгани учун чуқур миннатдорлик изҳор қиламан. Ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш мақсадида келаси йил Ўзбекистонга боришга умид қиламан.
Самимият билан,
Сума Чакрабарти,
Европа тикланиш ва тараққиёт
банки президенти
Изоҳ (0)