Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни Тошкент шаҳар Учтепа туманига амалга оширган ташрифи чоғида 78-сонли умумий ўрта таълим мактабини қаттиқ танқид қилган эди.
Ушбу мактаб тўлиқ қайта таъмирдан чиқди. 24 октябрь куни бўлиб ўтган мактабнинг очилиш маросимида халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов иштирок этди. «Telegraf.uz» нашри мазкур тадбирдан фотолавҳаларни тақдим этди.
ЎзАнинг ёзишича, янгича кўринишда реконструкция қилинган мактаб биносида ўқувчиларнинг таълим олиши учун барча шароит яратилган.
Мактаб кутубхонаси фонди зарур дарслик ва адабиётлар билан бойитилган. Информатика хонасида ўқувчиларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиши учун шароит мавжуд, компьютерлар Зиёнет тармоғига уланган. Синфхоналар замонавий тарзда жиҳозланган. Кимё, биология хоналари лаборатория жиҳозлари билан таъминланган.
«Ҳозирги кунда 1 139 ўғил-қиз таълим олаётган мактабда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш мақсадида спорт зали ва спорт майдончаси замон талаблари даражасида таъмирланиб, зарур спорт анжомлари ва инвентарлари билан тўлиқ жиҳозланди», — дейилади ЎзА ахборотида.
Изоҳ (0)