Ўзбекистон халқаро Better Cotton стандарти бўйича ижтимоий аҳамиятга ва экологик барқарорликка эга пахта етиштиришни бошлайди. Лойиҳани Жаҳон банки аъзоси — Халқаро молиявий корпорация Венгрия билан ҳамкорликда амалга оширади. Лойиҳа презентацияси 24 октябрь куни 13-Халқаро ўзбек пахтаси ва текстили ярмаркасида бўлиб ўтди, деб хабар беради «Газета.uz».
2017–2022 йилларга мўлжалланган лойиҳанинг мақсади яхшироқ халқаро амалиётни жорий этиш йўли билан пахта етиштириш самарадорлигини ошириш, шу йўл билан пахта секторида мажбурий меҳнатдан фойдаланилиши эҳтимолини минимумга туширишдир. Лойиҳанинг Халқаро молиявий корпорация инвестициялари шаклидаги тахминий қиймати 5 миллион долларни ташкил этади.
Биринчи босқичда (2017–2018) корпорацияси бошланғич дастурни амалга оширади — у Фарғона (уч пахта заводи ва олти фермер хўжалиги), Жиззах (икки пахта заводи ва тўрт фермер хўжалиги) вилоятларида Better Cotton стандарти асосида барқарор пахта етиштириш стандартлари тизимини ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказишдан иборат. Муваффақиятли синовдан сўнг тизим шу вилоятларда пахта билан шуғулланувчи 3 минг фермер хўжалиги ва агрокорхонани қамраб олади.
2019–2022 йилларда тизимни Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида жорий этиш кўзланмоқда.
Халқаро молиявий корпорациянинг маҳаллий шериклари орасида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, «Ўзпахтасаноатэкспорт» (кейинчалик — унинг давомчиси), «Ўзбекенгилсаноат» компаниялари ҳамда Касаба уюшмалари федерацияси бор.
Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон пахта секторига алоқадор бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Better Cotton стандарти асосида лойиҳа экспертлари, Ўзбекистонда пахта етиштириш босқичларини ўрганиб чиққан ҳолда, ҳар бир босқич учун тавсиялар тайёрлади.
Тавсиялар ишлов берилган пахта уруғларини бир хил чуқурликда, ўсимликлар зичлигининг гектарига 90 минг донадан ошмайдиган миқдорда нуқтали экишни кўзда тутади.
Экспертлар, шунингдек, уруғларни қолдиқ ўсимликлар билан бирга экишни тавсия этмоқда, бу Ўзбекистоннинг иссиқ иқлимида муҳим аҳамиятга эга — ёзда қолдиқ ўсимликлар остида ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 28 даражани ташкил этади, саёз культивация шароитида бу кўрсаткич 33 даражага, юза қатламда эса 43 даражани ташкил этади.
Тавсияларга кўра, қолдиқ ўсимликлар ва ўсимликларнинг томирларини далада қолдириш, майдалаш ҳамда хас-хашак, сомон ва пахта пояларини бир текис сочиб чиқиш зарур.
Ўзбекистонда экспертлар пахта касалликларини аниқламади, лекин зараркунандаларни назорат қилиш зарурлигини таъкидлади.
Пахта етиштиришнинг муҳим босқичларидан бири — дефолиация. У ўсимликнинг барглари тўкилиши учун ўтказилади, бу кейинчалик машинада пахта теришда ёрдам беради. Аммо, экспертларнинг аниқлашича, Ўзбекистон далаларида асосан магний хлорат ишлатилади, у билан ишлов берилганидан сўнг ўтда кўп барг қолиб кетади. Бундан ташқари, пахта далаларида дефолиация бир текис амалга оширилмайди, кўсаклар очилишини тезлаштирувчи препаратлар қўлланмайди.
Шу тариқа, Ўзбекистонда комбайнлар ёрдамида терилган пахта ўсимлик ва кўсаклар аралашуви туфайли сифатсиз кўринади. Экспертлар кўсакларнинг тез етилиши, самарадор дефолиация ва ўсимликларнинг қайта ўсишига кўмак берувчи препаратларни тавсия қилди.
Better Cotton стандарти пахта теришда инсон меҳнатидан фойдаланилишини назарда тутмайди, шу боис пахта поялари машина йиғимига тўлиқ мослашиши лозим.
Изоҳ (0)