11 ноябрь куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўзбекистонлик боксчи Шоҳжаҳон Эргашев фаолиятидаги ўн биринчи ва океан ортидаги илк жангини ўтказади.
Бу борада унинг рақиби америкалик Маркис Хоуторн бўлади, деб ёзди Boxingtalk нашри. Аввалроқ ўзбекистонлик боксчини мексикалик чарм қўлқоп устаси кутаётгани айтилганди.
«Оламспорт» нашрининг қайд этишича, Қўқон бокс мактаби тарбияланувчиси бўлган Шоҳжаҳон Эргашевнинг навбатдаги рақиби фаолияти мобайнида иккинчи бор ўзбекистонлик боксчига рақиблик қилади. Флойд Мейвезер промоутерлик компанияси билан ҳамкорлик қиладиган Санжар Раҳмонов 2016 йилнинг 16 сентябрь куни Хоуторнни мағлуб этишга муваффақ бўлган.
Рақиб маълум бўлиши билан Boxingtalk нашри Эргашевдан интервью олди.
Менга Америкада машғулот олиб бориш ёқди. Бу ерда 11 ноябрь кунги жангим учун жиддий тайёрландим. Ҳозир ўзимни аъло даражада ҳис қилмоқдаман.Промоутерим менга берган барча ваъдаларини бажарди. Энди эса мен бунга ўзимнинг жавобимни кўрсатишим керак бўлади. Ўзбекистонликлардан ташқари жанг давомида менга бир қатор америкаликлар ва россияликлар ҳам мухлислик қилади. Нью-Йоркда қўллаб турувчиларим етарли.
Шоҳжаҳон Эргашев, боксчи
Интервьюда чарм қўлқоп устаси ўзига қаттиқ ишонаётганини тушуниш қийин эмас. Бу борада у рақибнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқлиги ҳақида ҳам гапирган.
Мен ўзгача ҳиссиётларни бошдан кечирмоқдаман. Америкага келишим олдинга ташланган яна бир қадамдир. Бунда мен ўзимнинг янги қирраларимни Америка бокс мактаби орқали бутун дунёга кўрсатишни истайман.Қаршимда қандай рақиб туришининг аҳамияти йўқ. Мен бўлажак жанг учун қаттиқ тайёргарлик кўрдим ва қийинчиликлардан қочмадим. Энди буни амалда кўрсатиш вақти келди.
Шоҳжаҳон Эргашев, боксчи
Изоҳ (0)