Ўзбекистон пойтахтида BLS International Tashkent компаниясининг Испания виза маркази очилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Испания Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлигининг ваколатли маркази Испанияга Шенген визасини олиш учун виза хизматларини (консультация, йиғимлар, ҳужжатларни саралаш ва Испаниянинг Москвадаги бош консуллигига юбориш) тақдим этади.
Тошкент марказидаги Истиқбол кўчасида жойлашган марказ августдан буён синов тартибида ишлаб, 150 дан ортиқ аризаларни кўриб чиқди.
Марказ директори Фарангиз Абдуллаеванинг таъкидлашича, баҳор-ёз мавсумида Ўзбекистондан Испанияга чартер рейсларини очиш мўлжалланган. Истиқболда марказ Европанинг бошқа мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирган.
Халқаро BLS International компанияси виза, паспорт, аттестация олиш, консуллик ва фуқаролик хизматларини кўрсатиш бўйича 22 давлатда фаолият олиб боради.
Изоҳ (0)