Россиянинг Биринчи каналидаги «Инсон ва қонун» кўрсатувида 2011 йили педофилияда айбланиб, суд томонидан оқланган жарроҳ Владимир Тапия-Фернандес эсга олинди. Аниқланишича, ҳозирда пластик жарроҳлик билан шуғулланаётган шифокор Тошкентда яшаётган экан, деб хабар беради «Новости Узбекистана».
Ҳозирда у янги оила билан яшаётгани маълум бўлди. Жарроҳнинг собиқ рафиқаси унга қарши жиноий иш қўзғатилишига эришмоқчи.
Кўрсатув чоғида шифокорнинг биринчи никоҳидан бўлган қизи Кристина Тапия отаси ҳатто унга ҳам тегажоғлиқ қилганини айтиб ўтди.
«Уни ҳақиқий бузуқ деб ҳисоблайман, унинг жойи қамоқда», — деди Кристина.
Маълум бўлишича, жарроҳнинг собиқ рафиқаси Наталья Иванова унга қарши қайтадан жиноий иш қўзғатилиши учун ҳаракат қилмоқда. Иш юзасидан унинг қизи Кристина ҳам кўрсатма беришга тайёр. Мухбирнинг у нега шу пайтгача жим юргани ҳақидаги саволига жавобан қиз уялганини айтди. Шунингдек, у отасини қутқариш учун онаси билан катта қарз олганини, лекин оқлангач, отаси уларни ташлаб кетганини, улар эса ҳалигача кредит тўлаётганини таъкидлади. Кристина отаси ҳозир тарбиялаётган болалар тақдиридан хавфсираётганини қўшимча қилди.
2011 йили Владимир Тапия педофилияда айбланган, аммо 2013 йили оқланган эди. Ҳозирда у Тошкентда яшайди ва бу ердаги клиникалардан бирида ишлайди. Буни клиника вакиллари тасдиқлади.
Изоҳ (0)