«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясида борт тановули учун янги таомларга бағишланган биринчи презентация бўлиб ўтди. Презентация олдидан Тошкентнинг етакчи ресторанлари — Caravan Group ресторанлар тармоғи, «Наврўз», «Голубие купола», «Трюфель», «Апрель», SalSal вакилларининг борт тановули маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «Кетринг» Давлат унитар корхонасига экскурсияси уюштирилди.
Пойтахт рестораторлари олдиндан борт тановули санитар-гигиеник меъёр ва талаблари, бундай таомларни тайёрлаш, сақлаш, иситиш ва дастурхонга тортиш ўзига хосликлари билан танишиб чиққан эди.
Биринчи бўлиб авиайўловчилар учун борт тановули рациони ва намуналарини такомиллаштириш бўйича ўз концепциясини Caravan Group ресторанлар тармоғи тақдим этди. Авиакомпания мутахассислари диққатига бизнес-класс учун уч хил, эконом-класс учун икки хил меню варианти тақдим этилди. Жами Caravan Group технологлари элликдан ортиқ комплект ишлаб чиққан эди. Бундан ташқари, рестораторлар Римма Газалиева эскизлари бўйича ишланган миллий услубдаги ўзига хос идиш-товоқ ва сервировка буюмларини тақдим этди.
Ҳавода минглаб соат вақт ўтказган авиамутахассислар ҳар бир таомни синчиклаб ўрганди, у ёки бу маҳсулот транспортировка ва термик пакетдаги иситишдан сўнг қанақа кўринишини суриштирди.
Caravan Group ресторанлар тармоғи бренд-шефи Владислав Липинский ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:
«Энг қийин жиҳати шундаки, бортнинг ресторандан муҳим фарқини инобатга олиш керак эди: кейинроқ бу таомлар катта ҳажмда тайёрланади ва идиш-товоқ анча кичик бўлади. Мен катта идиш билан ишлашга ўрганганман, бу ерда эса таомни ихчамроқ ва чиройлироқ тайёрлаш керак эди. Таомлар талаб қилинган сақланиш муддатига чидаб бера олиши учун биз уларни бир неча марта қайта тайёрладик, 24 соатлаб сақладик, таъм сифати ҳам, чиройли кўриниши ҳам сақланишига эришишга уриндик».
Роппа-роса икки ҳафтадан сўнг миллий авиакомпанияда Тошкентнинг етакчи рестораторларидан борт тановули учун янги ғояларнинг навбатдаги тақдимоти режалаштирилган.
Рестораторларнинг барча таклифлари кейинчалик реал парвоз шароитларида синовдан ўтказилади ва қайта ишланади.
Изоҳ (0)