StarNews нашри америкалик сайёҳ Чак Пеннингтоннинг Ўзбекистон ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди.
«Чак Пеннингтон сайёҳ сифатида ҳар йили икки-уч марта саёҳатга чиқишга ҳаракат қилади. Ўтган йил сентябрида Марказий Осиёдаги собиқ совет республикаси — Ўзбекистонга йўл олди», — дейилади материалда.
«Ҳаммаси Пеннингтондаги Бухоро гиламидан бошланди. Ўттиз йил муқаддам бу гиламни сайёҳ 6 минг долларга сотиб олган эди».
Пеннингтон Ўзбекистоннинг маданияти ва тарихига катта қизиқиш билдириш билан бирга, унинг табиатини ҳам мақтади, жумладан, чўл ўртасидаги кўлда чўмилганини гапириб берди.
Пеннингтон Швеция, Япония, Дания ва бошқа давлатлар фуқаролари билан бирга Ўзбекистонга ташриф буюрди.
«Мен сафарим давомида бошқа бирор америкаликни учратмадим, — деди у. — Мен учратган кўпчилик Ўзбекистон фуқаролари ҳеч қачон америкаликларни кўрмаган экан. Мени жуда илиқ кутиб олишди. Ўзимни юлдузлардай ҳис этдим».
Пеннингтон сайёҳлар орасида Ўзбекистон хавфсиз эмас деган янглиш фикр юришини таъкидлаб ўтди:
«У ерда хавф сезмадим. Аксинча, ўзимни хавфсизликда ҳис этдим».
«Ўзбекистон маданиятга, санъатга лиммо-лим. Ҳатто пиёдалар йўлкалари ҳам санъат асарларидир. Қўлда геометрик шакллар билан ёрқин нақш берилган плиткалар Пеннингтонни мафтун қилиб қўйди», — хулоса қилинади материалда.
Изоҳ (0)