Октябрь ойининг бошида америкалик Майкл Зайдел доимий равишда Редфорд шаҳри полициясини Facebook’да калака қилган. Чампагне Торино тахаллуси остида яширинган Майкл полициячиларга уларнинг яхши ишламаётганини ва уларнинг саҳифасини ўзидан бошқа ҳеч ким қўллаб-қувватламаслигини ёзган, деб хабар бермоқда TJournal.
Редфорд полицияси департаменти иккита жиноят учун Майклни ҳибсга олишга ордер борлигини маълум қилган: у одамга ҳужум қилишда ва маст ҳолда автомобиль бошқаришда айбланган. Майкл бир неча марта ўзини тутиши ва полицияга таслим бўлишдан бош тортгани учун огоҳлантирилган, бироқ у калака қилишда давом этган.
Кейин эса полиция Зайделдан келган шахсий хабарни эълон қилган. Хабарда Зайдел агар департаментнинг саҳифаси 1000 та репост йиға олса, таслим бўлишга ваъда берган. Шунингдек, у ўзи билан ўнта юмшоқ кулча олиб келишини ва мактаб олдидаги чиқиндиларни тозалашни ваъда қилган.
Редфорд департаменти Facebook’даги обуначиларига мурожаат қилиб, жиноятчини тутишда ёрдам беришни сўраган. Фойдаланувчилар гаровни қўллаб-қувватлаган ва бир соатга етмасдан керакли миқдордаги репост йиғилган. Тўққиз кун ичида хабар тахминан 4,5 минг марта репост қилинган.
Полициячилар ҳазиломус сурат билан обуначиларга миннатдорчилик билдирган.
Шундан сўнг Зайдел ваъдасини бажармаган, полициячилар эса уни «сўзида тура олмайдиган киши» бўлиши мумкин, деб тахмин қилган ва яна бир марта фойдаланувчиларга миннатдорчилик билдирган.
Гаровдан қарийб 10 кундан ўтгач, жиноятчи барибир полиция бўлимига келган ва ўзини топширган. Зайдел, ваъда қилганидек, ўзи билан бир қути юмшоқ кулча ва битта катта тешик кулча олиб келган.
Зайделнинг иши бўйича 21 октябрда Мичиган округ судида суд мажлиси бўлиб ўтади. Агар у жарима тўласа, 40 кунга озодликдан маҳрум этилиши мумкин, агар тўлашдан бош торца, бу муддат 70 кун бўлиши мумкин. Суд жиноятчининг мактаб олдидаги чиқиндиларни тозалаш ҳақидаги ваъдасини эслаб, буни ҳам жазога қўшиши мумкин.
Изоҳ (0)