Ислом оламининг энг йирик диний ва академик марказларидан бири — Ҳиндистонда жойлашган Дор ул-улум Деобанд илмий даргоҳи аёлларга Facebook, Twitter, Instagram’да сурат чоп этишни, суратларни WhatsApp орқали тарқатишни тақиқлайдиган фатво чиқарди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Муфтий Тарих Кашми ўз чиқишида фақат аёллар ҳақида гапирди, аммо, International Business Times нашрига кўра, тақиқ эркакларга ҳам тааллуқли.
«Ислом мусулмон аёлларга суратга тушишга рухсат бермайди. Суратларни Facebook, WhatsApp ва бошқа ижтимоий тармоқларга юклаш ёки уларда чоп этиш ислом ва шариат ақидаларига зид келади. Аёлларга юзини бошқа эркакларга кўрсатиш тақиқланган», — деди Тарих Кашми.
Фатво бир эркакнинг саволидан сўнг чиқарилди. Эркак ислом ижтимоий тармоқларда сурат чоп этишга қандай қарашини сўраган эди. Институт буни исломга зид деб топди.
Шу билан бирга, Дор ул-улум Деобанднинг ижтимоий тармоқларда саҳифалари бўлиб, у ерда баъзан намоз жараёни акс этган суратлар чоп этилади.
Изоҳ (0)