Украина Олий Радаси кўпчилик овоз билан Конституцион судга депутатлар дахсизлигини бекор қилиш тўғрисидаги икки қонун лойиҳасини юборишга қарор берди. Бу ҳақда Meduza хабар қилмоқда.
Қонунлар кўриб чиқилиши учун Конституцион суд ҳукми талаб этилади, негаки улар конституцияга ўзгартиш киритилишини назарда тутади.
Қонун лойиҳаларига кўра, конституциядан Олий Рада депутатлари жиноий жавобгарликка тортилмаслиги, парламент санкциясисиз ҳибсга олинмаслиги кўзда тутилган меъёр олиб ташланади.
Қонун лойиҳаларидан бирини Украина президенти Пётр Порошенко киритди. У депутатлар дахлсизлигини 2020 йилдан эътиборан бекор қилишни кўзда тутмоқда. Иккинчи лойиҳани депутатлар ишлаб чиқди. Унга кўра, дахлсизлик 2018 йилдан бекор қилинади.
17 октябрь куни мухолиф сиёсатчи Михаил Саакашвили бошчилигидаги «Янги кучлар руҳи» фаоллари коррупцияга қарши митинг бошлагани хабар қилинган эди. Намойишчилар депутат дахлсизлигини бекор қилишни, коррупцияга қарши суд ташкил этишни ҳамда сайлов қонунчилигига ўзгартишлар киритилишини талаб қилмоқда.
Полиция намойишчиларга қарши кўзни ёшлантирувчи газ қўллади. Жабрланувчилар орасида Олий Рада депутати Егор Соболев бор. Украина ИИВ беш киши жароҳат олганини хабар қилди.
Изоҳ (0)