2009 йилдан бери ҳибсда сақлаб келинган ҳуқуқ ҳимоячиси Ғанихон Маматхонов озодликка чиқарилди. Фарғона водийсида фермерлар ҳуқуқини ҳимоя қилган ва мажбурий меҳнатга қарши курашган фаолнинг озод этилишини АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси олқишлади, деб хабар беради «Газета.uz».
«Яқинда бир қанча виждон маҳбуслари озод этилганидан сўнг бу воқеа Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро стандартларга садоқатини намойиш этувчи навбатдаги ва қўшимча қадам бўлди», — дейилади дипломатик миссия хабарномасида.
«АҚШ Президент Мирзиёевнинг сиёсий, иқтисодий, социал ва ҳуқуқий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги навбатдаги қадамларини кутади», — қўшимча қилди элчихона.
Октябрь ойининг бошидан буён ҳуқуқ ҳимоячилари Агзам Турғунов (2008 йили ҳибсга олинган), Аъзам Фармонов (2006), шунингдек, журналист Солижон Абдураҳмонов (2008) озод қилинди.
Бундан ташқари, узун муддатга қамалган ва ҳуқуқ ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан виждон маҳбуслари деб ҳисобланган Муҳаммад Бекжон, Мурод Жўраев, Эркин Мусаев, Жамшид Каримовлар озод этилган эди.
Изоҳ (0)