Ўзбекистон Президенти 16 октябрь куни «Республикада асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Қарорга берилган расмий шарҳда қайд этилишича, мамлакатда асаларичилик соҳасида 12 мингдан ортиқ тадбиркор фаолият кўрсатмоқда. 2016 йилда 12 минг тонна асал етиштирилди. Бу 2015 йилга нисбатан 1,2 марта кўпдир.
Асал ишлаб чиқариш бўйича мавжуд имкониятлардан самарасиз фойдаланиш асаларичилик тармоғининг энг заиф бўғини ҳисобланади. Натижада асалари оилаларининг маҳсулдорлиги 20 килограммдан ошмайди, бу жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан ҳам пастдир.
Мазкур қарор билан асал етиштириш ва уни қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтиришга, асалари пакетлари билан хўжаликларни таъминлашга, асал етиштиришнинг замонавий усулларини жорий этишга йўналтирилган 2017−2021 йилларда асаларичилик тармоғини комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2017 йилдаги 15,4 минг тоннадан 2021 йилга бориб 23,7 минг тоннагача етказиш назарда тутилган.
«Ўзбекистон асаларичилари» уюшмаси ташкил этилди. Унинг асосий вазифалари этиб асал маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларини тизимли ташкил этиш, асалари пакетлари етиштириш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, асал етиштириш жараёнига илмий асосланган усуллар ва замонавий технологияларни жорий этиш белгилаб қўйилди.
2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Фарғона давлат университетида зоотехника факультетини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
АТ «Алоқабанк» ҳузурида масъулияти чекланган жамият шаклида лизинг компанияси ташкил этилади, унга тижорат банклари кредитлари ва лизинг компаниясининг ўз маблағлари ҳисобидан асалари уялари, улар учун зарур жиҳозлар, анжомларни ва асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарлар, махсус транспорт воситалари ва тиркамалар, асални қадоқлаш технологик линиялари ва бошқа лизинг объектларини лизинг асосида етказиб бериш вазифаси юклатилган.
Асаларичилик хўжаликлари томонидан асал йиғиш мавсуми давомида ўрмон фонди ерларидан, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан (давлат қўриқхоналари, биосфера резерватининг қўриқланадиган зонасидан ташқари), тоғ ва тоғолди ҳудудларидан, табиий пичанзор ва яйловлардан ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш бепул амалга оширилади.
«Ўзбекистон асаларичилари» уюшмасига аъзо ташкилотлар томонидан олиб келинадиган наслли материаллар (маҳсулот), асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарлар ва ускуналар, асалари уяларини ташувчи махсус транспорт воситалари ва тиркамалар, асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши қўлланиладиган ветеринария дори воситалари ва препаратлар, асалари уялари ишлаб чиқариш учун ёғоч ва зарур материаллар, пенополиуретан, уларга ёрдамчи ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, мумпарда ва мум маҳсулотларини 2023 йилнинг 1 январигача божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этиш бўйича имтиёз берилди.
Изоҳ (0)