Самарқанд зиёлилари ва меҳнат фахрийлари пахта йиғим-теримида «зарбдор 30 кунлик» эълон қилиш бўйича халққа мурожаат қилди. Мурожаат матни вилоят ҳокимлигининг расмий сайтида келтирилди.
«Мамлакатимизда пахта хирмонини тақдири ҳал бўладиган палла келди. Ҳосил деҳқонлар, қишлоқ аҳли, туман марказлари ва шаҳарлардаги уюшмаган аҳоли ёрдамида териб олинмоқда. Хизмат ҳақининг ҳар куни нақд пулда берилиши, яшаш шароити яратилгани боис кўплаб юртдошларимиз онгли равишда этак боғлаб далага чиқмоқдалар», — дейилади мурожаатда.
Бироқ, таъкидланишича, ҳосилнинг мўл-кўллиги, қолаверса, об-ҳавонинг тез-тез ўзгариб туриши катта меҳнат эвазига етиштирилган хом ашёни тезроқ йиғиштириб олишни тақозо этмоқда. Бундай пайтда меҳнатга яроқли ҳар бир фуқаронинг пахта теримига чиқиши хирмон тақдирини ҳал қилади.
«Айнан шунинг учун ҳам биз вилоят аҳлига мурожаат қилишни лозим топдик», — таъкидлади зиёлилар.
«Бизда пахта тақдирини фақат деҳқон зиммасига юклаб қўйиш муносабати йўқ эмас. Тўғри, уни деҳқон экади, етиштиради ва сотади. Лекин ушбу ҳосил неъматларидан барчамиз фойдаланамиз. Устимиздаги либосдан тортиб, таомга солинадиган ёғ, чорва молларига бериладиган витаминга бой озуқа ҳам шу хом ашёдан олинади. Пахтани қайта ишловчи корхоналарда ўзимизнинг фарзандларимиз ишлайди. Пахта миллий бойлигимиз, деганда ана шу омиллар назарда тутилишини эсдан чиқармайлик».
Вилоятда жорий йилда 85500 гектар майдонда пахта ҳосили етиштирилди. Шартномавий режани 85 фоиздан кўпроғи бажарилди. Аммо, мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, вилоят далаларида яна 60 минг тоннадан ортиқ пахта ҳосили мавжуд. Унинг учдан бир қисми, яъни 20 минг тоннаси сифатли толадир. Бир тонна ўзбек пахта толасининг бугунги жаҳон бозоридаги ўртача нархи 1800 долларни ташкил этмоқда. Демак, Самарқанд далаларида ҳали қарийб 36 миллион долларга тенг пахта хом ашёси ётибди. Бундан ташқари, шу миқдордаги толани қайта ишлаш орқали ғазнага 28 миллиард сўмлик ип-калава ва 421 миллиард сўмлик газламадан маблағлар келиб тушиши мумкин. Шу миқдордаги ҳосилдан 5,4 минг тонна ёғ, 28,8 минг тонна чорва моллари учун озуқа-ем олинади.
«Республика жамоатчилигининг, хусусан, ижодкор зиёлиларнинг пахта йиғим-теримида зарбдор 30 кунлик эълон қилиши, уюшмаган аҳолини бу савобли ишга даъват этиш ташаббусига биз ҳам чин дилдан қўшиламиз. Самарқанд зиёлилари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари, ижодкорлар, санъаткорлар бугундан эътиборан қишлоқ аҳлига ёрдамга чиқиш бўйича ташаббус билан чиқмоқдамиз», — дейилади ҳужжатда.
«Касби, ёши, турар жойидан қатъий назар, вилоятда яшовчи ҳар бир меҳнатга лаёқатли фуқаро зарбдор ойлик давомида ўзини пахтакор деб билиб, этак боғлаб далага чиқсин, оила аъзолари, таниш-билишларини ўзи билан бирга эргаштирсин».
«Ҳамма пахта йиғим-терими учун эълон қилинган зарбдор ойликка!», — деган хитоб билан якунланади мурожаат.
Изоҳ (0)