Футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасининг 24-туридан кейин ЎФФ ҳакамлари ва назоратчилари қўмитаси 4 кишини мавсум якунига қадар барча мусобақалардан четлатди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар берди.
«Насаф» ва «Пахтакор» ишончли ғалабаларга эришган турда «Бунёдкор» очко йўқотди
Бунда гап «Пахтакор» — «Қўқон—1912» ўйинини бошқарган ҳакамлар бригадаси ҳақида боради. Тошкент клубининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етган учрашувда ишлаган бош ҳакам Вадим Агишевнинг ҳам, унинг қанотлардаги ёрдамчилари Баҳодир Баҳромов ва Набижон Рўзимовнинг ҳаракатлари ҳам Ҳакамлар Қўмитасига маъқул келмаган. Улар ҳакамликни паст даражада баҳолаган.Ҳакамлар Қўмитасининг илмий-услубий таъминот бўлими Владимир Штерн бошчилигида беллашувни алоҳида ўрганиб чиқиб, ҳар учала ҳакам, уларга қўшилиб тўртинчи ҳакам Аскер Нажафалиевни ҳам мавсум охирига қадар Олий Лига, Биринчи Лига, Ёшлар Лигаси ва Ўзбекистон Кубоги ўйинларидан четлатди. Даражаси паст ҳакамликка юқори баҳо қўйгани учун инспектор Игорь Нехочин ҳам мавсум якунига қадар «дам олади».
Бу ЎФФ янги раҳбарияти давридаги ҳакамларнинг учинчи четлатилиши бўлди. Бунга қадар «Бухоро» — «Динамо» ўйинида ишлаган Рустам Бобомуродов 1 та баҳсли вазият сабаб бутун умрга, кейинроқ «Шўртан» — «Навбаҳор» ўйинида ишлаган Олим Толибжонов бир қатор хатолари учун 10 та ўйинга четлатилганди.
Изоҳ (0)