Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев қозоқ тилининг лотин алифбосига ўтказилиши мамлакатнинг рус тилли фуқаролари ҳуқуқларига дахл қилмаслигини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда у давлат тилининг лотин тилига ўтказиш лойиҳаси реализацияси бўйича ишчи комиссия билан ўтган учрашувда маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
Айтилишича, президент ислоҳот бошқа тилларнинг ривожига тўсқинлик қилмаслиги ва фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини бузмаслиги лозимлигига урғу берган.
«Қозоқ тилининг лотин алифбосига ўтказилиши рус тиллиларнинг, рус тилининг ва бошқа тилларнинг ҳуқуқларига таъсир кўрсатмайди. Рус тилининг кирилл алифбосида ишлатилиши ўзгаришсиз қолади. У ишлашда давом этади. Янги алифбога ўтилиши қозоқ тилини ўрганишни осонлаштиради», — деди Назарбоев.
Қозоғистон етакчиси алифбо алмаштириш мураккаб жараёнлигини, ундан кўзланган мақсад тил ривожини таъминлаш ва уни халқаро ахборот майдонига киритиш эканлигини тушунтирди.
Изоҳ (0)