Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид бошчилигидаги делегацияси аъзолари 7 октябрда Бухоро вилоятида бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Меҳмонлар вилоятга ташрифини ислом оламида машҳур нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади. Улуғ пир қабри олдида Қуръон тиловат қилинди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод масаласи бўйича махсус маърузачиси шу ерда вилоятнинг бир гуруҳ имом хатиблари билан мулоқотда бўлди.
Аҳмад Шаҳид бошчилигидаги делегация аъзолари Бухоро вилояти ҳокими Ў. Барноев билан учрашди. Меҳмонларга фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, бунда вилоят, туман ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари муҳим ўрин тутаётгани тўғрисида сўзлаб берилди. Халқаро нуфузли ташкилот вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Меҳмонлар қадимий Масжиди Калонда ҳам бўлди.
Меҳмонлар ташриф доирасида Бухоро шаҳридаги Аҳмад Дониш номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди. Бу ерда ети миллат вакиллари аҳил ва ҳамжиҳат истиқомат қилади. Диний амаллари турлича. Лекин маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий масалалари, ёшлар тарбиясига бутун жамоатчилик масъул.
Аҳмад Шаҳид бошчилигидаги делегация аъзолари маҳалла фаоллари, турли маданий марказлар вакиллари билан учрашувда ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.
Изоҳ (0)