6 октябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар кўпгина масалаларни кўриб чиқди. Йиғилиш ҳақида «Ўзбекистон 24» телеканали ахборот берди.
Депутатлар ўз ишларини «Формали кийим-бошларни тасдиқлаш, тайёрлаш ва кийиб юриш механизми тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишдан бошлади. Қонун лойиҳасига биноан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги, «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги ҳамда «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар харбий хизматчилари ва ходимларининг тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ва махсус формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юрганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги модда билан тўлдирилмоқда.
Шундан сўнг депутатлар оилавий ажралишларнинг олдини олишга, шу жумладан, ушбу масала юзасидан маҳаллаларнинг тутган ўрнини кучайтириш орқали олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди. Киритилаётган янги қоидаларга мувофиқ, Оила кодексига судлар ва ФҲДЁ органлари томонидан уларнинг иш юритувида никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар мавжудлиги тўғрисида яраштириш комиссияларини хабардор қилишга доир қоидаларни белгилашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Мазкур чора яраштириш комиссияларига юз бериши мумкин бўлган ажралишлар тўғрисидаги ахборотни олдиндан олиш ва эр-хотинларни яраштиришга ҳаракат қилиб кўриш имконини беради.
Сўнгра депутатлар парламент ва депутатлик назорати соҳасидаги жавобгарликни кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди. Ушбу ўзгартиш давлат органлари томонидан депутатлик сўровларининг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишига хизмат қилади.
Мажлисда Жиноий, Фуқаролик кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалари киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан кўриб чиқилди. «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунда белгилаб қўйилганки, одам савдоси қурбонлари мажбур қилиш ёки таҳдид остида содир этилган қилмишлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқаролик, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилади. Аммо ушбу нормани амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари амалдаги қонун ҳужжатларида мавжуд эмас. Депутатлар томонидан кўриб чиқилган қонун лойиҳаси ушбу камчиликни бартараф этишга қаратилган бўлиб, у Ўзбекистон Президентининг 14 мартда қабул қилинган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган.
Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)