Англия Премьер-Лигаси телетрансляциялардан энг катта даромад қиладиган лига ҳисобланади. 2016—2019 йиллар учун мўлжалланган сметага кўра, саф фойда 1,7 миллиард фунтни ташкил қилиши керак.
25 йилдирки, Англия клублари телетрансляциялардан тушган фойдани тенг тақсимлаб келади. Бунда етакчилардан тортиб, сўнгги ўринда бораётган клубларга қадар бир хилда улуш олади.
Аммо сўнгги йилларда АПЛнинг энг олди 6 жамоаси бу системага қарши чиқишни бошлади. Телетрансляциялар ҳуқуқини сотиб олаётган компаниялар асосан «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед», «Ливерпуль», «Арсенал», «Челси» ва «Тоттенҳэм» иштирокидаги учрашувларни намойиш этади. Айнан уларнинг ўйинига бўлган талаб каттароқ. Демак, фойдани тақсимлаш ҳам шунга яраша бўлиши керак.
АПЛ раҳбари Ричард Скадемор телеҳуқуқлардан тушадиган фойдани чемпионатда эгалланган ўриндан келиб чиқиб тақсимлаш таклифини берганди. Аммо қолган 14 та жамоа бу таклифга ҳам рози бўлмади. Улар тенглик сақланиб қолиши тарафдори.
«Championat.asia» нашрининг BBC News’га асосланиб маълум қилишича, Англия 2019—2022 йиллар учун бўлган режаларни ҳам аллақачон ишлаб чиққан. Унга кўра, АҚШ, Хитой ва Африканинг айрим давлатлари телеҳуқуқлар учун ажратиладиган суммаларни кўпайтиради. Натижада соф фойдага қўшимча 476 миллион фунт қўшилади.
Изоҳ (0)