Жиззах шаҳрида ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослашган Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаб-интернат очилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Президент 27 апрелда Жиззах вилоятига ташрифи чоғида адабиётимизнинг улкан намояндалари Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг адабий меросини кенг тарғиб қилиш, шеърларига жо бўлган эзгу тушунчалар моҳиятини ёш авлодга етказиш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Шу мақсадда шаҳарнинг бу ижодкорлар ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ҳудудида Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбони, хиёбон ичида Ҳамид Олимжон ва Зулфия мактабини ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23 июндаги «Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан бу эзгу мақсад амалга оширилди. Ўтган беш ой давомида ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослашган мактаб-интернат учун тўрт қаватли замонавий бино қуриб битказилди. Бинода кенг ва ёруғ синфхоналардан ташқари юз ўринли ётоқхона ва ошхона, фаоллар зали ҳамда бошқа хоналар бор. Ўқувчилар жисмоний тарбия билан шуғулланиши учун спорт майдончалари барпо этилган.
1 октябрдан фаолият бошлаган мактаб-интернатнинг 5, 6, 7, 8-синфларига барча туман ва шаҳарлардан синов асосида 120 нафар истеъдодли ўғил-қиз ўқишга қабул қилинди.
Жамоатчилик вакиллари, ёшлар, ота-оналар иштирокида ўтган янги мактабнинг очилиш маросимида ушбу муассасанинг барпо этилиши вилоят маданий ҳаётида катта воқеа бўлгани таъкидланди.
Изоҳ (0)