Тошкент шаҳрини Тошкент вилоятининг энг олис шаҳри — Бекобод билан боғлайдиган электрлаштирилган поезд қатнови йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Темир йўл маршрутининг очилиши Президент Шавкат Мирзиёевнинг 16 август куни Бекободга уюштирган ташрифи чоғида белгиланган эди.
Поезд 183 километр йўлни 2 соат 45 дақиқада босиб ўтади. Электричка Ховос, Янгиер ва Гулистон бекатларида тўхтаб ўтади.
Рейс суткасига бир марта амалга оширилади. Яқин вақт ичида ҳаракат интенсивлигини кунига икки мартагача кўпайтириш режалаштирилмоқда.
Поезд олти вагондан иборат бўлиб, улар ҳаво тозалаш тизими билан таъминланган. Вагонлар Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводида модернизациядан ўтказилган.
Поезд ишга туширилиши арафасида Бекобод вокзали реконструкция қилинди. Кутиш зали 150 кишига мўлжалланган, она ва бола хонаси, тиббиёт хонаси ва озиқ-овқат дўконлари бор.
Изоҳ (0)