Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда туризмни изчил ривожлантириш истиқболлари, сайёҳлик объектларидан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турлари сифатини ошириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда қайд этилишича, 2017 йилнинг тўққиз ойи якунига кўра, қарийб 1,8 миллион сайёҳ мамлакатга келган. Бу 2016 йилнинг мос даврига нисбатан 17 фоиз кўпдир. Мамлакатда сайёҳлик хизматлари экспорти ҳам 17 фоиз кўпайиб, 1 миллиард 86 миллион долларни ташкил қилган. Йил охирига қадар сайёҳлар сони 2,5 миллиондан ошиши кутилмоқда.
Давлат раҳбари йиғилишда ҳар бир йўналиш бўйича, яъни Европа, Осиё ва бошқа қитъалардан келадиган сайёҳлар учун махсус дастурлар ишлаб чиқиш, чартер рейслар ва темир йўлларда қатновлар сонини кўпайтириш, туризм ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини мукаммал ўзлаштириш, ички туризмни ривожлантириш, сайёҳлик объектларини такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Мамлакатда туризм йўналишида мутахассислар тайёрловчи беш олий ўқув юрти, жумладан, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ҳамда ўндан ортиқ ўрта махсус билим юрти фаолият кўрсатмоқда. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси сайёҳлик соҳасида таълим олаётган ёшлар, соҳада меҳнат қилаётган мутахассисларнинг Европа ҳамда Осиёнинг йирик сайёҳлик марказлари ва ўқув юртларида малака оширишига кўмаклашмоқда.
Соҳа истиқболида яна бир муҳим жиҳат — ҳудудлардаги барча маданий-тарихий мерос объектлари, табиий ўлкашунослик, миллий қўриқхона ҳудудларининг ягона маълумотлар базасини яратиш, туризм соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, минтақаларда туризмни ривожлантириш учун жойлардаги маҳаллий ҳокимият органлари ва жамоатчилик кучларини бирлаштириш. Бу борадаги изчил ишларни амалга оширишда мамлакатимизда мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган бўлиб, ҳудудлар учун махсус дастурлар ишлаб чиқилган ва жараён изчил давом этмоқда.
Туризм индустрияси жадал ривожланишида хусусий секторнинг устувор иштирокини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозир юзлаб тадбиркор ва ҳунармандлар туризм соҳасига жалб қилинган бўлиб, улар сувенир маҳсулотлари ишлаб чиқариш, меҳмонхона хўжалиги, сайёҳларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.
Туризмни ривожлантиришда хориж мамлакатларида бўлиб ўтадиган сайёҳлик кўргазма ва анжуманлари муҳим аҳамият касб этади. Миллий маданий меросни чет элларда оммалаштириш, мамлакатга хорижлик сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш ва ички туризмни ривожлантириш мақсадида сайёҳлик ташкилотлари Мадрид, Рига, Берлин, Париж, Токио, Лондон, Москва, Истанбул каби дунёнинг йирик шаҳарларида қатор кўргазмалар ташкил этмоқда ёки халқаро кўргазмаларда қатнашмоқда.
Йиғилишда туризм индустриясини жадал ривожлантиришда хусусий сектор иштирокини янада кенгайтириш, уларга имтиёзлар тақдим этиш, соҳада кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, янги сайёҳлик маҳсулотлари турини кўпайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари мутасадди қўмита, вазирлик ва идоралар раҳбарларига сайёҳликни мавсумий эмас, балки йил давомида даромад манбаига айлантириш, хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, сайёҳларни жалб қилишда янгича усул ва ёндашувлардан самарали фойдаланиш, кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича топшириқлар берди.
Изоҳ (0)