Россиянинг MTS мобил оператори 29 сентябрдан Туркманистондаги фаолиятини тўхтатди. У маҳаллий алоқа тармоқларидан узилди, деб хабар беради Meduza.
«Конструктив мулоқотга чақирганимизга қарамай, маҳаллий давлат регуляторлари ва давлат компаниялари частоталардан фойдаланиш рухсатномалари, ижара шартномалари ва алоқа хизматларини тақдим этиш учун зарур бошқа ресурсларни узайтирмайди», — маълум қилди MTS матбуот котиби Дмитрий Солодовников.
Компания Туркманистондаги лицензияси 2018 йил 26 июлга қадар амал қилишини билдириб ўтди.
Июнь ойида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатда «МТС–Туркманистон» ўрнига янги «Ай Назар» мобил операторининг яратилишини маъқуллаган эди.
MTS’нинг Туркманистон бўлинмасида ишлаб келган айрим ходимлар янги компанияга ўтаётгани билдирилмоқда.
Изоҳ (0)