Шавкат Мирзиёев 29 сентябрь куни «Биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни Президентнинг расмий сайтида келтирилди.
Ҳужжатда айтилишича, валютани тартибга солиш соҳасида давлат сиёсати самарадорлигини янада ошириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, шунингдек, биржа ва кўргазма-ярмарка битимлари бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг шаффоф механизмларини шакллантириш мақсадида биржалар ва ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталари орқали ҳисоб-китоблар ва ўзаро ҳисоб-китоблар фақатгина биржалар ва ярмаркаларда рўйхатдан ўтган битимлар бўйича амалга оширилади. Шунингдек:
биржалар ва ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталари ҳисоб рақамларида бўлган маблағлардан фойдаланган ҳолда, пул талабномасидан воз кечиш бўйича операцияларни амалга ошириш тақиқланади;
импорт шартномалари бўйича товар-хом ашё биржалари ёки ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталарида норезидент-сотувчининг ҳисоб рақамига ўтказилган маблағлар фақатгина биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида тузилган экспорт шартномалари, божхона божлари, суд харажатлари ҳамда биржа шартномаларини тузиш ва ижро этиш билан бевосита боғлиқ хизматлар (воситачилик йиғимлари, брокерлик ҳақлари, транспортировка ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа харажатлар) тўловлари учун ишлатилиши мумкин.
Ўзбекистон Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси икки ой муддатда мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонунчиликка биржа ва ярмарка савдоларининг аниқ чегарасини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш бўйича таклифларни, шунингдек, Биржаларда ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш коидалари лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланди. Биржалар томонидан биржа савдолари қоидаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини таъминлаш чораларини кўрилади.
Бундан ташқари, адлия вазирлиги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиши белгиланди.
Изоҳ (0)