Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ Ўзбекистондаги аёллар ва болаларнинг озиқланиши бўйича ҳолатларини аниқлаш мақсадида миллий тадқиқотни бошламоқда. Бу ҳақда «Дарё»га ЮНИСЕФ вакиллари маълум қилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ бошланажак тадқиқот самарали тарзда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида маълумот йиғувчи мутахассислар учун ўқув семинарини ташкил этди.
Миллий тадқиқотни ўтказиш шу йилнинг октябрь ойига режалаштирилган ва у Ўзбекистондаги аёллар ва болалар ўртасида етарлича озиқланмаслик даражасини ҳар томонлама баҳолаб бериши кутилмоқда. Ушбу тадқиқот озиқланиш ҳолати бўйича минтақага хос илк маълумотларни тақдим этади.
«Халқаро миқёсда таққослаш имкони мавжуд бўлган маълумотларга эҳтиёж мавжудлигига яқинда мамлакат Президенти ва Бош вазир ўринбосари томонидан урғу берилди. Тадқиқот айнан шу муҳим эҳтиёжни қондиришга ўз ҳиссасини қўшади», — деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Афшин Парси.
«Муҳим кўрсаткичалр бўйича тўғри таснифланган ва ишонарли маълумотларга эга бўлиши эса Ўзбекистонда аёллар ва болалар фаровонлигини таъминлашга қаратилган давлат дастурларини режалаштириш ва мониторингини олиб боришда ёрдам беради», — қўшимча қилди у.
Ўқув семинарида тадқиқотда амалга оширилажак барча босқичларни синов амалиётидан ўтказиш, сўровнома суҳбатларини машқ қилиш, маълумот йиғиш жараёнида қўлланиладиган электрон ускуналарни ишлатиб кўриш, бўй ва вазнни ўлчашни ҳамда биологик намуналар йиғишни машқ қилиш бўйича машғулотлар ўтказилди.
Изоҳ (0)