Ироқдаги Хоижа шаҳрини ИШИД кучларидан тозалаш операцияси муваффақиятли давом этмоқда. Бу ҳақда АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция вакили полковник Райан Диллон баёнот берди, деб хабар қилади «ТАСС».
«Хоижа ва Шаркатдаги операциянинг биринчи босқичи жуда тез ўтди. Башоратга кўра, Ироқ кучлари бир ҳафта сарфлаши кутилган биринчи босқич тахминан илк 72 соатда тугади. Аммо келажакда жанг осон бўлмайди, у қийин бўлишини кутяпмиз ва аниқ мухлат айтмаймиз», — деди Диллон Бағдодда уюштирилган брифингда.
2014 йили ИШИД Ироқнинг қатор ҳудудларини эгаллаб, Бағдод томон юриш бошлаган эди. Аммо кейинчалик Ироқ армияси халқаро кучлар ёрдамида вазиятни ўнглай олди ва террорчилар пойтахти Мосулни озод қилди. Ҳозирда жангарилар ўрнашган охирги ўчоқлар Мосул, Хоижа ва Рава атрофидаги ҳудудлар бўлиб турибди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)