Шимолий Корея ҳукумати мансабдорлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг КХДРга нисбатан баёнотларини тушуниш учун Вашингтондаги республикачиларга алоқадор таҳлилчилар билан мулоқот ўрнатишга уринмоқда. Бу ҳақда The Washington Post’нинг вазият билан таниш манбалари маълум қилган, деб ёзади «РБК».
Нашр манбасининг маълум қилишича, Пхеньян АҚШнинг республикачилар партияси билан алоқалари бўлган Осиё бўйича экспертларни топишга уринган. «Уларнинг биринчи рақамли ташвиши — бу Трамп. Улар Трампни тушуна олмаяпти», — дейди The Washington Post манбаси.
Шимолий кореялик воситачилар Роналд Рейган ва Жорж Буш даврида Миллий хавфсизлик кенгашида Осиё бўйича эксперт бўлган Дуглас Паал билан боғланган. Ҳозир у халқаро тинчлик учун Карнеги фондида тадқиқотлар бўйича вице-президент. Газетанинг маълум қилишича, КХДР Паал Шимолий кореялик мансабдорлар ва америкалик экспертларнинг нейтрал ҳудуд Швейцарияда музокараларини ташкил этишини истаган. Паал бу билан шуғулланишдан бош тортган.
26 сентябрь, сешанба куни Дональд Трамп АҚШ КХДРга қарши ҳарбий куч ишлатишга «тўлиқ тайёр» эканлигини маълум қилди.
25 сентябрь, душанба куни Шимолий Корея ТИВ раҳбари Ли Ён Хо республика КХДР ҳаво ҳудудида бўлмаса ҳам АҚШ бомбардимончи самолётларини уриб тушириш ҳуқуқига эга эканлигини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)