Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айланмаси ҳажми 2017 йил охирига қадар 5 миллиард долларга етиши мумкин. 2016 йил якунларига кўра бу кўрсаткич 4,2 миллиард долларни ташкил этган эди, деб хабар беради «Газета.uz».
Ўзбекистон ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаров 26 сентябрь куни ўтган Ўзбекистон – Россия ишбилармонлар форуми доирасида баёнот берди.
«Ўзбекистон корхоналари Россияга автомобилсозлик, мева-сабзавот, текстиль, тери-кўнчилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари етказиш беришни сезиларли даражада ошириши мумкин. Ўз навбатида, нефть ва нефть маҳсулотлари, металлопрокат ва машинасозлик маҳсулотлари Ўзбекистоннинг асосий импорт бандлари бўлиб қолмоқда», — деди вазир ўринбосари.
Россия савдо-саноат палатаси вице-президенти Владимир Падалко Ўзбекистон билан муносабатларнинг ривожланиши Россиянинг кўплаб минтақаларидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга ижобий таъсир кўрсатишини қайд қилиб ўтди.
«Бир-биримизга хайрихоҳ ҳаракат ақл билан қабул қилинган қарор ва вақт талабидир. Биз тадбиркорларни ишлашга чақирамиз. Биз ишлаб чиқариш салоҳиятларимизни ўзаро тўлдиришимиз ва сотиш бозори устида ишлашимиз лозим», — деди Падалко.
Россия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши раиси Фёдор Дегтярёв ҳамкорликнинг ривожланиб бориши икки мамлакат ҳокимият органларининг қўллаб-қувватлашига боғлиқ бўлишини қайд қилиб ўтди.
Тадбир доирасида икки мамлакат савдо-саноат палаталари халқаро тижорий арбитраж ва медиация ҳамкорлиги бўйича келишув имзолади. Ўзбекистон ва Россия ишбилармонлар кенгашлари 2018–2019 йиллар учун ҳамкорлик юзасидан англашув меморандуми реализацияси тўғрисидаги йўл харитасини имзолади.
Форумда Россиянинг 30 дан ортиқ компаниялари вакиллари иштирок этмоқда. Улар кимё, енгил саноат, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, авиация, фармацевтика, металлургия, ишлаб чиқариш, йўл-қурилиш техникаси, нефть-газ ускуналари, энергетика ва гидротехника сингари соҳаларда ишлайди.
Форум дастури Ўзбекистон ва Россия минтақалараро ҳамкорлиги, туризм, шунингдек, транспорт ва логистикага бағишланган учта мажлисни ўз ичига олди.
Изоҳ (0)