26 сентябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида мамлакатда амалий ташрифини якунлаётган Бирлашган Қироллик Ташқи ишлар ва Ҳамдўстлик ишлари бўйича вазирлиги доимий котиби Саймон Макдональд билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон – Буюк Британия муносабатларининг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳолати икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига алоҳида эътибор берган ҳолда кўриб чиқилди.
Британия томони Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқининг асосий қисмлари билан таништирилди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар икки мамлакат ўртасидаги барча ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар очиб бераётганлиги таъкидланди.
Учрашувда Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Буюк Британияга бўлажак ташрифининг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Суҳбат чоғида долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Музокараларда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Кристофер Аллан иштирок этди.
Изоҳ (0)