Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов ЖЧ—2018 плей-оффи доирасида бўлиб ўтадиган Австралия — Сурия ўйинида ишлайди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар берди.
Австралия ва Сурия термалари ЖЧ—2018 саралашини ўз гуруҳларида 3-ўринда якунлаганди. Дастлабки икки ўринни эгаллаган Эрон, Япония, Жанубий Корея ва Саудия Россия—2018 чиптасини қўлга киритиб улгурди. Австралия ва Сурия эса яримта йўлланмани 1 тага айлантириш учун кураш олиб боради.
Сурия термаси ўз ўйинларини Малайзияда ўтказиб келаётганди. Сурияликлар яшил қитъа термасини 5 октябрь куни айнан Малайзияда қабул қилади. Орадан 5 кун ўтиб, аниқроғи 10 октябрь куни томонлар Сиднейда такрорий ўйинда майдонга чиқиб келади. Мана шу такрорий беллашув Равшан Эрматовнинг чекига тушган.
Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ—2018 йўлланмасидан қуруқ қолган бўлса, ўзбекистонлик ҳакам Осиё қитъаси плей-оффидан омон қутулиб оладиган жамоа номига ўз ҳуштаги билан ойдинлик киритиб беради. Ғолиб жамоа КОНКАКАФ минтақасининг тўртинчи вакилига рақиб бўлади.
Эрматовга қанотларда Абдуҳамидилло Расулов ва Жаҳогир Саидов ёрдам беради. Тўртинчи рефери Илгиз Танташев. Бу бригада ЖЧ—2018 да ишлаши мумкин бўлганлар қаторига киритилган.
Изоҳ (0)