Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоев дам олиш кунлари ва ҳафтанинг илк кунида Тошкент вилояти пахта далаларида меҳнат қилаётган «Фидойи ёшлар» отрядлари билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» хабар бермоқда.
Дастлаб у Пискент туманидаги пахта далаларида оқ олтинни теришда иштирок этаётган «Фидойи ёшлар» отрядлари аъзолари билан суҳбатлашди. Кунлик режани ортиғи билан бажараётган Лайло Тўхтабоева, Гулбаҳор Эркинжоновани тақдирлади.
Кейинги манзил Ангрен тумани бўлди. «Энг ёш теримчи» номинациясига касб-ҳунар коллежини жорий йилда тамомлаган Муборак Нишонова лойиқ топилди. Яна бир эксклюзив совға эгаси Мастура Шерматова ҳам тақдирланганлигидан мамнун эканлигини айтиб, пахта йиғим-терим мавсуми сўнггига қадар ўз ҳиссасини қўшишга ваъда берди. Ёшлар етакчиси мавсумда фаол иштирок этган ёшлар учун бериладиган имтиёзлар ҳақида гапириб, уларнинг овқатланиши, дам олиш шароитлари билан ҳам яқиндан танишди.
Кейинги манзил Бўка тумани бўлди. Қ. Қуронбоев бу ерда ҳам далаларда оқ олтинни йиғиб олишда жонбозлик кўрсатаётган теримчиларнинг бир гуруҳини эсдалик совғалар билан тақдирлади.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг «Фидойи ёшлар» отрядларига ташрифи давом этмоқда.
Изоҳ (0)