Киото префектурасида Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ва Маидзуру шаҳар мэрияси ҳамкорлигида Ўзбекистон тарихий-маданий мероси ва туризм имкониятларига бағишланган тақдимот маросими бўлиб ўтди. Бу хақда «Ўзбекистон 24» хабар бермоқда.
Тадбир чоғида анъанавий ўзбек миллий либослари ва халқ амалий санъати намуналари намойиш этилиб, Ўзбекистон тарихи, маданияти ва меъморий обидалари ҳақидаги ахборот ва видео материаллар тарқатилди.
Бундан ташқари, Маидзуру шаҳри ўрта мактаблари ўқувчилари мустақил равишда ўзбек тилида Ўзбекистоннинг тарихи ва икки халқ ўртасидаги дўстона алоқалар ҳақида тақдимот ўтказди.
Йиғилганларга ўзбек миллий рамзлари билан безатилган япон кимonosи ҳам намойиш этилди. Уларда, хусусан, Ўзбекистон давлат байроғи, диққатга сазовор масканлари, Самарқанддаги Регистон майдони, Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театри суратлари акс эттирилган эди.
Тадбир якунида жорий йилда маданий-гуманитар ва иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида Маидзуру шаҳри мэрияси делегациясининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
«Жаҳон» ахборот агентлиги мухбири билан суҳбат чоғида Маидзуру шаҳри мэри Р. Татами Японияда ўзбек халқининг тарихи, маданияти ва анъаналарига катта ҳурмат билан қаралишини қайд этди.
Ўз навбатида, Маидзуру шаҳри парламенти депутати К. Ито Ўзбекистон тинчлик ва осойишталик ҳукмрон бўлган ғаройиб диёр эканини, ўзбек халқи эса самимийлиги ва меҳрибонлиги билан ажралиб туришини таъкидлади.
Изоҳ (0)