Facebook ижтимоий тармоғи Куба Давлат кенгаши ва Вазирлар кенгаши раиси Рауль Кастронинг қизи Мариэла Кастронинг профилини вақтинчалик блоклаб қўйди. Бу ҳақда 18 сентябрь, душанба куни Cubadebate портали маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Мариэла Кастронинг сентябрь ойи бошида Кубага ёпирилган «Ирма» тўфонидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун очилган банк ҳисоби рақамларини жойлаштиргани аккаунтни музлатиб қўйишга сабаб бўлди. Бу ҳисоб бир неча кун аввал Куба ТИВ томонидан очилган эди.
Порталнинг таъкидлашича, Кастро гўёки ижтимоий тармоқ қоидаларини бузганлиги учун профил 24 соатга блоклаб қўйилган. Ҳисоб рақамлари жойланган эълон ўчириб ташланган.
«Энди Facebook Кубанинг барча ОАВларини блоклайдими?» — деб ёзди Куба етакчисининг қизи Twitter’даги саҳифасида ва The Juventud Rebelde газетасининг ҳисоб рақами очилганлиги ҳақидаги мақоласига ҳавола жойлади.
Изоҳ (0)