Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги делегацияси ҳукумат топшириғи асосида Калифорния штатидаги Кремний водийсида жойлашган Cisco компаниясининг бош қароргоҳида бўлди. Бу ҳақда вазирлик сайтида маълум қилинди.
Бу ерда компаниянинг стратегия, технология ва инновациялар бўйича вице-президенти Даг Вебстер билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида Cisco вакиллари компаниянинг жаҳон миқёсида иқтисодиётни рақамлаштириш, киберхавфсизлик бўйича ечимлари, «буюмлар интернети» (IoT) тенденциясига асосланган «ақлли» ва хавфсиз шаҳар лойиҳалари юзасидан нуқтаи назарига оид тақдимот, шунингдек, жамоавий ҳамкорлик ва мулоқотни ўрнатишга оид IT-таклифлари билан чиқиш қилди.
Cisco ҳамда вазирлик ўртасида Ўзбекистонда хавфсиз ва «ақлли» шаҳарни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш йўналишида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Келишувлар натижасида имзоланган ҳужжатга кўра, истиқболда қуйидаги соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни амалга ошириш белгилаб олинди:
- «Ақлли шаҳар» (Smart City) ҳамда «буюмлар интернети» (IoT) концепциясини ишлаб чиқишда қўллаб-қувватлаш ва тажриба алмашиш;
- Киберхавфсизлик йўналишидаги бошқарув амалиётини такомиллаштиришда ҳамкорлик қилиш;
- Ўзбекистонда ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш орқали мамлакатда амалга оширилаётган рақамли ислоҳотларда иштирок этиш;
- Кенг полосали интернетга уланиш соҳасида қўллаб-қувватлаш ва тажриба алмашиш.
Маълумот учун, 1984 йилда асос солинган Cisco компанияси тармоқли технологиялар, аҳоли ва муассасалар учун илғор мулоқот ва алоқа алмашиш платформаларини ишлаб чиқишда жаҳонда пешқадам ҳисобланади. Компаниянинг 2016 йилда технологиялар ва хизматларни сотишдан олган даромади 46 миллиард долларни ташкил этди.
Изоҳ (0)