Мактаб директорларини урган туман ҳокими узр сўради. Унинг иши пахта мавсумидан сўнг кўриб чиқилади

Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев маҳаллий мактаблар директорларини калтаклагани тасвирланган видео тарқалгач, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари бу вазиятни чуқур ўрганишга киришди. «Kun.uz» нашрининг маълумот беришича, 12 сентябрь оқшомида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев Сайхунобод туманига келиб, йиғилиш ўтказган.

Видеодан кадр. Скриншот: «Газета.uz»

Унда туман ҳокими ҳамда мактабларнинг директорлари ҳам иштирок этган, Носиржон Эгамбердиев ўқитувчилардан узр сўраган. Йиғилишда ушбу вазият юзасидан ҳали тегишли чора кўрилиши, у узр сўраш билан қутула олмаслиги қайд этиб ўтилган.

«Ҳокимнинг иши пахта терими мавсумидан кейин кўриб чиқилади. Унинг ишда қолиши масаласи тақдири юқоридан келадиган кўрсатмага боғлиқ», — дея маълум қилган «Kun.uz» манбаси.

Носиржон Эгамбердиев Сайхунобод туманига 2016 йилнинг октябрида ҳоким этиб тайинланганди. У бунгача Сирдарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Сирдарё вилоят прокуратураси туман ҳокими мактаб директорларини калтаклагани билан боғлиқ вазиятни текширишни бошлагани маълум қилинганди.

↓ KEYINGI XABAR ↓
Scroll to top