Январь ойи бошида Финляндияда шартсиз таянч даромад жорий этиш бўйича дунёдаги биринчи тажриба йўлга қўйилди: 2000 киши ҳар ойда 560 евро ола бошлади. Улар иш топган тақдирда ҳам бу пуллардан маҳрум бўлмайди — таянч даромад тажриба иштирокчилари ҳеч бўлмаганда минимал пулларни ҳар қандай ҳолатда олишини кафолатлайди.
Meduza лойиҳа идеологларидан бири Kеlа (Ижтимоий суғурта масалалари билан шуғулланувчи Финляндия давлат агентлиги) профессори Олли Кангас билан суҳбатлашди.
— 2016 йилда Kеlа ва Финляндиянинг бир нечта университетлари таянч даромадни қўллаш эҳтимоллари бўйича дастлабки тадқиқот ўтказди. Бу тадқиқот натижалари қандай бўлди? Нега тажрибани бошлашга қарор қилдингиз?
— Тажриба ўтказилишини ҳукуматнинг ўзи истади, бу ҳукумат ғояси эди. Улар таянч даромадни жорий этиш орқали ислоҳот (ижтимоий соҳада) ўтказиш мумкин-мумкин эмаслиги, таянч даромад баъзи муаммоларнинг ечими бўла олиш-олмаслигини аниқлашни хоҳлади. Улардан бири шундаки, баъзи ҳолатларда ижтимоий таъминот тизими ишга жойлашишни рағбатлантиришга қарши ишлайди. Бошқача айтганда, ижтимоий тўловларга суянсангиз, ишга чиққандан кўра кўпроқ пул оласиз. Ишсизлик бўйича нафақалар ҳисобига яшовчи одам иш унинг даромад даражасига ҳеч нарса қўшмаслигини тушунади.
Айнан шунинг учун таянч даромад ана шундай тузоқларнинг биридан халос бўлса нима бўлиши ҳақида ўйлаб кўрдик.
— Тажриба шартлари — икки минг киши, дастур амал қилиш муддати икки йил, ойига 560 евро. Бу шартлар ҳукумат томонидан белгиландими ёки тадқиқотчилар томонидан таклиф қилиндими?
— Биз кўп сонли ўзаро келишувларга эришдик. Ҳукумат тажриба учун 20 миллион евро ажратди ҳамда у 2017 ва 2018 йилларда ўтказилишини маълум қилди. Биз икки йил кишиларнинг ўзини тутишига таъсирини баҳолаш учун жуда қисқа муддат эканлигини айтишга уриндик ва бюджет икки, ҳатто уч карра ортиқ бўлиши кераклигини таъкидладик. Улар бунга кўнмади. Шунинг учун қайси даражадаги таянч даромад билан тажриба ўтказишни ҳал қилишимизга тўғри келди. 560 евро? 760? Эҳтимол, 800?
Ҳукумат барчаси 2017 йилда бошланишини талаб қилди, бироқ бунинг учун қонунчилик асосини яратиш керак эди. Қонун қабул қилиш эса вақт талаб қилади — у бир нечта қўмиталар, биринчи навбатда, конституциявий қўмитадан ўтиши лозим. Айнан у энг қийини эди, чунки Финляндия конституциясида барча тенг муносабат ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган, бу каби тажриба эса кишиларни бир-биридан ажратади.
— Келинг, ҳеч қандай молиявий ва сиёсий чекловлар йўқ деб тасаввур қиламиз — сизнинг фикрингизча, тажриба тузилиши қандай бўлиши лозим? Узоқроқ муддатлими? Олти йилми?
— Тўрт йил адекват муддат бўлар эди. Танлов ҳам муниципал ва маҳаллий эмас, давлат даражасида бўлиши лозим. Тажриба камчилиги — унинг мажбурийлиги; унда қатнашиш учун танланганлар унда иштирок этишга мажбур. Агар у ихтиёрий бўлганда, унда тажриба ғоясига қўшилганлар иштирок этган бўларди. Бундан ташқари, агар унда иштирок этиш ихтиёрий бўлса, ундан чиқиш имконияти бўлар эди — бизнинг тажрибамизда эса бунинг иложи йўқ.
— Тажриба қатнашчилари қандай шартлар асосида танланди? Бу тўлиқ тасодифий танловми?
— Ҳа, мутлақо. Бизда Kеlа’дан пул олувчи (ишсизлик бўйич нафақа кўзда тутилмоқда) кишилар рўйхати бор эди. Ундан тасодифий рақамлар усули билан иштирокчилар танланди.
— Тажриба иштирокчилари нима билан шуғулланаётганини кузатиш воситаларига эгамисиз?
— Бу Кела билан боғлиқ бўлганлиги туфайли бизда улар қандай ижтимоий имтиёзлар, қандай тиббий ёрдам олаётгани, бирор-бир ташхис қўйилганми-йўқми, масалан, тажриба иштирокчиси тушкунлик хасталигидан азият чекаётган-чекмаётганлиги ҳақида маълумотлар анкетаси мавжуд. Бундан ташқари, 2018 йил охирида сўровлар ва интервью ўтказилиши режалаштирилмоқда.
— Тажриба ярим йилдан ортиқ давом этмоқда, бирор-бир дастлабки натижаларингиз борми?
— Йўқ, бирор-бир аниқ маълумотни 2017 йил учун солиқ декларациялари топширилгандан сўнг маълум қилиш мумкин. Ҳозирча фақат иштирокчиларнинг биринчи таассуротлари ҳақида гапиришимиз мумкин.
— Тажриба иштирокчилари ОАВлари билан чекловларсиз мулоқот қила оладими? Масалан, пулларни қандай сарфлаётганлиги ҳақида?
— Ҳа. Улар ОАВларига истаган нарсаларини маълум қилиши мумкин. Бироқ биз — Kеlа — улар билан боғланиш имконини берувчи маълумотларни ошкор қилиш ҳуқуқига эга эмасмиз.
— Нима тажрибани назарий жиҳатдан барбод қилиши мумкин?
— Аввалроқ айтганимдек, тажрибанинг муаммоси — молиялаштириш икки йил давом этади ва иштирокчилар бу ҳақда билади. Улар икки йил ичида ўз одатларини кучли ўзгартирмайди ва ўз ҳаётига ўрганиш қийин бўлган кичик ўзгартиришлар киритади.
Яна бир омил — иштирокчилар сони. Улар кўпроқ бўлганда, хурсанд бўлардим, бироқ бюджет бўйича чекловлар бор.
— Тажриба муваффақият ва муваффақиятсизлиги мезонлари қандай бўлади?
— Тажриба аллақачон муваффақиятга эришди, деб ҳисоблайман. 2016 йил охирига қадар бундай тажриба ўтказа олиш-олмаслигимиз ҳам ноаниқ эди. Лойиҳани йўлга қўя олганимизнинг ўзи келажакда янги, янада яхшироқ тажрибалар ўтказиш учун янги имкониятлар доирасини очади. Бундан ташқари, тажриба қонуний асосларини ярата олганлигимиз ҳам жуда яхши.
Тажриба натижаси ҳақида жуда қайғурмаётганлигимни айтишим мумкин. Тажриба таянч даромад яхши нарса эканлигини кўрсатса, бу мен учун яхши, бироқ тажриба натижасида таянч даромад у ҳал қилиши лозим бўлган муаммоларни ечишга ёрдам бермаслиги аниқланса ҳам яхши.
— Таянч даромад яхши ёки ёмон нарса эканлигини қандай ҳал қилиш мумкин? Мезонлар қанақа?
— Бизни қизиқтирувчи асосий нарса — бандлик. Ҳукуматимиз айнан шу муаммони ҳал этишдан манфаатдор. Бундан ташқари, биз таянч даромадга эга бўлган одамнинг тўлиқсиз иш куни ва бир марталик буюртмалар бўйича шартномаларга рози бўлиши осон-осон эмаслигини тушунишни истаймиз.
Ишсиз одамга у нима билан шуғулланишидан қатъий назар пули бўлишини ваъда қилсак, бу иқтисодий стрессни камайтирадими?
— Таянч даромад ғояси баъзи сиёсатчилар ва қўмиталар норозилигига сабаб бўлганлигини айтиб ўтдингиз. Бу ғоя ҳақида Финляндия сиёсатчилари қандай фикрда?
— Сиёсатчилар таянч даромад ҳақида қандай фикрда эканлиги бир масала бўлса, улар тажрибамиз ҳақида қандай фикрда эканлиги бошқа масала.
Таянч даромад бўйича фикрлар кучли фарқланади. Чаплар (собиқ коммунистлар), яшиллар ва марказчилар, шунингдек, консерватив партиянинг кичик қисми ушбу ғояни қўллаб-қувватламоқда. Социал-демократлар ва консерваторларнинг аксарият қисми эса унга қарши.
Тажрибанинг ўзи ҳақида гапирадиган бўлсак, унга яшиллар ҳам, сўллар ҳам, консерваторлар ҳам шубҳа билан қарамоқда. Албатта, социал-демократлар ҳам. 20 миллион сарфлашга қарор қилганлигимиз борасида жуда кўп танқидларга учрадик.
— Финляндия фуқаролари бу ҳақда қандай фикрда? Ғоя ва тажриба борасидаги сўровномалар натижаларига эгамисиз?
— Тажриба ҳақида гапирадиган бўлсак, маълумотлар тўплаганим йўқ, бироқ Twitter ёки ОАВларидаги изоҳларга қарасак, фикрлар бир-бирига зид. Баъзилар пулларни шунчаки бермаслик кераклигини таъкидламоқда. Бошқалар эса, ва ниҳоят, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш имконини берувчи тажрибалар пайдо бўлганлигини таъкидламоқда.
Таянч даромадга ғоя сифатида тўхталадиган бўлсак, жуда кўп маълумотларга эгамиз. Умумий тарзда сўрайдиган бўлсангиз, 70 фоиз сўровнома иштирокчилари бу яхши эканлигини таъкидламоқда. Бироқ аниқроқ саволга ўтсак, яъни ойига 600 евро таянч даромад тўласак, даромад солиғи 40 фоизгача ошиши мумкинлигини маълум қилсак, қўллаб-қувватлаш даражаси 45, ҳатто 40 фоизгача пасаймоқда.
Умуман олганда, қўллаб-қувватлаш даражаси савол қандай қўйилишига боғлиқ. Умумий ғоя одамлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда, бироқ тафсилотлар шубҳа уйғотмоқда.
Изоҳ (0)