Ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Жамшид Нажмиддинов WBC чемпионлик камарининг собиқ эгаси, украиналик Виктор Пастолга қарши рингга чиқади. Жанг 16 сентябрь куни Украина пойтахти Киевда бўлиб ўтади, деб маълумот берди «Оламспорт» нашри.
63,5 килограмм вазн тоифасида жанг қилувчи Жамшид Нажмиддинов бунгача кўпчилик учун нотаниш бўлган. Ваҳоланки, шу вақтга қадар боксчи 14 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида рақибларидан устун келган. Шуларнинг 9 тасида қаршисида турган боксчиларни нокаутга учратган.
Профессионал боксдаги фаолиятини «Темурланг» промоутерлик клуби билан ҳамкорликда давом эттираётган Нажмиддинов AFCA камарининг амалдаги соҳиби ҳисобланади. Промоутерлик клуби раҳбари Хусрав Насруллаев навбатдаги жанг ҳам ўзбекистонлик спортчининг ғалабаси билан якунига етишига ишонч билдирган.
Украиналик Виктор Постоль бокс оламида анча машҳур. У 2015—2016 йилги мавсумларда WBC чемпионлик камарини муносиб ҳимоя қилган. 2016 йилнинг 23 июль санасида Тренси Кроуфорд билан жангда камаридан айрилган. Ўша мағлубият унинг учун ягона бўлиб турибди.
Жамшид Нажмиддинов 1991 йилнинг 31 март куни Андижонда таваллуд топган.
Изоҳ (0)