Лондоннинг «Кристал Пэлас» футбол клуби голландиялик бош мураббий Франк Де Бурга чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйди. Бу ҳол АПЛда янги мавсум старт олганидан сўнг 4 та тур ўтиб кузатилди.
Франк Де Бурнинг истеъфоси мавсумдаги биринчиси бўлди. Унинг бошқарувида «бургутлар» кетма-кет 4 та ўйинда имкониятни бой берди ва уларнинг бирортасида рақиблар дарвозасига йўл топа олмади. АПЛ расмий сайтининг хабар беришича, бу — антирекорд. Инглиз клублари бир асрдан ортиқ вақт давомида дастлабки 4 та тур давомида ҳеч бўлмаганда 1 та гол уришга муваффақ бўлиб келган.
«Кристал Пэлас» голландиялик мутахассис бошқарувида қуйидаги учрашувларни бой берди: «Хаддерсфилд» 0:3, «Ливерпуль» 0:1, «Суонси» 0:2, «Бёрнли» 0:1.
Франк Де Бур Лондонга келгунига қадар, Миланнинг «Интер» клубида 85 кун ишлаганди. Ваҳоланки бунда шартнома 3 йилга мўлжалланган бўлган. Шунчаки, кетма-кет қониқарсиз натижалар сабаб «Интер» уни 11-турдан кейиноқ истеъфога чиқарган. Кейинроқ компенсация учун миллион евродан ортиқ тўлаб берган.
Ўз даврининг машҳур футболчиларидан бири бўлган Де Бур профессионал мураббийлик карьерасини 2010 йил Амстердамнинг «Аякс» клубида бошлаб, 2016 йилга қадар ишлади. Мана шу вақт давомида «Аякс» 4 бор Голландия чемпионлиги ва 1 бор мамлакат Суперкубогини қўлга киритганди. Италия ва Англиядаги фаолият эса кутилганидан анча эрта якунига етди.
Изоҳ (0)